Путин рус тилини билмайдиган мигрант болаларни мактабга қабул қилишни тақиқловчи қонунни имзолади

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин рус тилини билмайдиган мигрант болаларнинг мактабларда ўқишини тақиқловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда мамлакатнинг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар порталида хабар берилди.

Қонун 2025 йил 1 апрелдан кучга киради.

Чет эл фуқароларининг вояга етмаган фарзандларини рус тили ва ижтимоий-маданий мослаштириш даражасини баҳолаш тизимини синовдан ўтказиш лойиҳасини бошқараётган М. Акмулла номидаги Бошқир давлат педагогика университетининг Халқаро алоқалар бошқармаси раҳбари Ксения Габдрахмановага кўра, ушбу лойиҳа чет эл фуқаролари фарзандларининг Россия таълим тизимида ўқиши, шу жумладан, тил диагностикаси ва мослаштириш дастурларини ўрганишига қаратилган. Мониторинг Россия Таълим вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, 2024-2025 ўқув йили бошида рус тили бўйича диагностикадан 154,8 минг нафар чет эл фуқароларининг фарзандлари ўтган, бу Россия таълим ташкилотларида ўқиётган барча мигрант ўқувчиларининг 74,4 фоизини ташкил қилади. Мониторинг бутун мамлакат бўйлаб ўтказилган. 28 ҳудудда мигрант ўқувчиларнинг 100 фоизи диагностикадан ўтган бўлса, 32 ҳудудда бу кўрсаткич 80 фоиздан 99,9 фоизгача, 16 ҳудудда эса 60 фоиздан 79,9 фоизгача бўлган. 12 ҳудудда чет эллик ўқувчиларнинг фақат 20 фоиздан 59,9 фоизгача қисми диагностикадан ўтган.

Бундай диагностика ўтказиш имконияти 2023 йилда Таълим вазирлиги буйруғи кучга кирганидан сўнг пайдо бўлган. Ушбу буйруққа кўра, мактаблар тилни яхши билмайдиган ўқувчилар учун диагностика ўтказилгандан кейин қўшимча рус тили таълимини ташкил қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Диагностика ўтказиш тартибини мактабнинг ўзи белгилайди.

Россияда мигрант болалар учун мажбурий тил имтиҳонини жорий этиш ва уни мактабга қабул қилиш шарти сифатида йўлга қўйиш таклифи жорий йилнинг июль ойида Россия Тергов қўмитаси раиси Александр Бастрикин томонидан билдирилган эди. Кузнинг охирида Давлат Думасига рус мактабларида болаларнинг рус тилини билмасдан ўқишини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси юборилди. Қонун 10 декабрь куни биринчи ўқишда, 11 декабрда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 декабрь куни Россия Федерацияси Федерация Кенгаши рус тилини билмайдиган муҳожирларнинг фарзандларини мактабларга қабул қилишни тақиқловчи қонунни маъқуллаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун Владимир Путин рус тили мигрант болалар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made