Путин рус тилига ҳурмати учун Раҳмонга раҳмат айтди
World
−
17:10 1596 2 minutes
Россия Тожикистонда рус тилига қаратилаётган эътибордан миннатдор. Бу ҳақда мамлакат Президенти Владимир Путин Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон билан бугун, 12 ноябрь куни Кремль саройида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Кеча, 11 ноябрь куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари навбатдаги саммит учун Москвада тўпланди. Саммит аллақачон ўтган бўлишига қарамай, Имомали Раҳмон Путин билан мулоқот қилиш учун яна бир кун Москвада қолди.
“Бугун, келишиб олганимиздек, учрашувимизни икки томонлама муносабатларга бағишлаймиз. Бу алоқалар, шубҳасиз, стратегик характерга эга бўлиб, ҳам иқтисодий, ҳам гуманитар соҳаларда жуда ижобий ривожланмоқда. Тожикистонда рус тилига кўрсатилаётган эътибор учун сиздан миннатдормиз ва мен буни доимо таъкидлаб келаман”, деган Путин Раҳмонга.
Россия раҳбари алоҳида эътибор талаб қиладиган бошқа кўплаб масалалар борлигини ҳам қайд этган ва Раҳмонга Моксвада қолгани учун раҳмат айтган. У Раҳмон билан бевосита икки томонлама муносабатлар хусусида мулоқотни давом эттириш имконияти пайдо бўлганидан мамнунлигини билдирди.
“Кеча мавқедошларимиз билан КХШТ масъулият ҳудудида хавфсизликни таъминлаш муаммоларини муҳокама қилдик. Менимча, барча музокараларимиз ижобий ва самарали натижа билан якунланди. Ушбу ўта муҳим соҳада биргаликда ишлашга қатъий бел боғлаганимиз яна бир бор тасдиқланди”, дейди Россия етакчиси.
Тожикистонда рус тили
Маълумот учун, Тожикистон Конституциясининг 2-моддасига кўра, давлат тили тожик тили ҳисобланади, рус тилига эса "миллатлараро мулоқот тили" мақоми берилган. 2009 йилда қабул қилинган «Давлат тили тўғрисида»ги қонунда расмий иш юритиш тўлиқ тожик тилига ўтказилган бўлса-да, 2011 йилда киритилган ўзгартиришлар билан қонун ҳужжатларини рус тилида ҳам эълон қилиш ва давлат идораларига рус тилида мурожаат қилиш ҳуқуқи сақлаб қолинган.
Мамлакат бўйлаб 39 та (айрим ҳисоботларда 40 тага яқин) умумтаълим мактабида дарслар фақат рус тилида олиб борилади. Уларнинг орасида Россия билан ҳамкорликда қурилган 5 та йирик замонавий мактаб (Душанбе, Хўжанд, Бохтар, Кўлоб ва Турсунзода шаҳарларида), Россия Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги мактаблар ҳамда маҳаллий рус мактаблари мавжуд.
Бундан ташқари, Тожикистонда 160 дан ортиқ аралаш тилли мактаблар фаолият юритади. Уларда таълим ҳам тожик, ҳам рус тилларидаги алоҳида синфларда олиб борилади.
Live
All