Путин Россияга дўст бўлмаган давлатларга қарши ҳужжат имзолади
Олам
−
03 Май 2022
21637Россия Президенти Владимир Путин айрим хорижий давлатларнинг нодўстона ҳаракатларига қарши иқтисодий чоралар кўриш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат ҳуқуқий ахборотнинг расмий порталида эълон қилинган.
Фармон билан Россиянинг жавоб санкцияларига дучор бўлган хорижий жисмоний ва юридик шахсларга битимлар тузиш ва мажбуриятларни бажариш, шунингдек бундай шахслар фойдасига хомашё ҳамда маҳсулотларни мамлакатдан олиб чиқиш тақиқланади.
Қайд этилишича, ҳукуматга ўн кун муддатда тегишли рўйхатни тузиш топширилган.
Ҳужжат эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга киради ва махсус иқтисодий чора-тадбирлар бекор қилинмагунча амал қилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 март куни Россия Федерацияси Вазирлар Маҳкамаси Россияга, унинг компаниялари ва фуқароларига нисбатан нодўстона ҳаракатларни амалга оширувчи хорижий давлатлар ва ҳудудлар рўйхатини тасдиқлаган эди.
Рўйхатга АҚШ ва Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Буюк Британия (жумладан, Жерси, Ангилья, Британия Виржиния ороллари, Гибралтар), Украина, Черногория, Швейцария, Албания, Андорра, Исландия, Лихтенштейн, Монако, Норвегия, Сан-Марино, Шимолий Македония, шунингдек, Япония, Жанубий Корея, Австралия, Микронезия, Янги Зеландия, Сингапур ва Тайвань киритилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь