Путин Пашинян билан гаплашадиган гаплари йиғилиб қолганини айтди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин кеча, 31 август куни Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Бу ҳақда иккала етакчининг матбуот хизматлари ҳабар берди.

Путин Пашинян билан суҳбатлашиш имконига эга бўлганидан хурсанд эканини, чунки икки томонлама ва минтақавий муҳокама учун кўплаб масалалар йиғилганини айтди. Россия етакчиси Пашинян билан ШҲТ саммити доирасидаги суҳбати фойдали ва мазмунли бўлишига умид билдирди.

“Сизни кўриб, бугунги ва эртанги воқеалар ҳақида суҳбатлашиш имконига эга бўлганимдан жуда хурсандман. Биз бир-биримизни анчадан бери кўрмаган эдик, икки томонлама, минтақавий, халқаро миқёсдаги кўплаб масалалар йиғилиб қолди. Умид қиламанки, сиз билан бугунги учрашувимиз фойдали ва мазмунли бўлади. Сизни кўрганимдан хурсандман”, деди Путин учрашув аввалида.

Шунингдек, у Россия ва Арманистон ҳукуматлари аъзолари доимий алоқада эканлигини таъкидлади.

“Ҳамкасбларимиз доимий алоқада. Ҳукумат аъзолари менга ҳисобот беришади, улар Арманистонга тез-тез ташриф буюради. Ҳукумат аъзоларингиз Россияга келади. Энди ҳамма нарсани гаплашамиз”, деди Путин.

Пашинян, ўз навбатида, Россия ва Арманистон ўртасидаги ҳамкорлик ва мулоқотдан мамнун эканини айтиб, мамлакатлар орасидаги алоқани қардошлик деб атади. Учрашув тете-а-тет форматида бўлиб ўтди.

“Бизда ҳар доим жуда тиғиз кун тартиби бор. Ишончим комилки, бугунги кун ҳам яққол кўриниб турибди. Мен орамизда шаклланган шериклик ва мулоқотдан жуда хурсандман... Бизнинг шахсий мулоқотимиз ва албатта, қардош мамлакатларимиз ўртасидаги мулоқот жуда фаол”, деди Пашинян.

Пашинян билан учрашув Россия Президенти ва хорижий давлат раҳбарларининг Тяньцзиндаги икки томонлама музокаралари сериясининг биринчиси бўлди. У ХХР раиси Си Цзиньпин томонидан ШҲТ саммитига ташриф буюрган меҳмонлар шарафига ташкил этилган қабулдан сўнг дарҳол бўлиб ўтди.

Кремль воизи Дмитрий Песковнинг маълум қилишича, Путин ва Пашинян узоқ ва самарали суҳбатлашган.

Песковнинг айтишича, ушбу учрашувдан ташқари саммит иштирокчилари шарафига расмий кечки овқат пайтида Владимир Путин Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан суҳбатлашган. Россия Президенти қозоғистонлик мавқедоши билан ёнма-ён ўтирган ва бу норасмий мулоқот учун имконият яратган. Бундан ташқари, Путиннинг давлат раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлари, жумладан, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан учрашуви режалаштирилган.

Маълумот учун, ШҲТ саммити 31 августдан 1 сентябргача Тяньцзинь шаҳрида бўлиб ўтмоқда. Унда 20 дан ортиқ давлат раҳбарлари ва 10 та халқаро ташкилот вакиллари иштирок этмоқда. Саммит якунида ҳамкорлик бўйича 15 та янги ҳужжат имзоланди. ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь ташкилотга аъзо бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Хитой ШҲТ Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг