Путин нега айнан ҳозир Озарбайжонга борди?

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжонда. Унинг ташрифи икки кун - 18 ва 19 август кунлари ўтиши режалаштирилган. Путин Бакуга Россия ҳудудида – Курск вилоятида Украина армиясига қарши жанглар кетаётган бир пайтда борди.

Ташриф чоғида Озарбайжон ва Россия ўртасидаги иттифоқчилик ва стратегик муносабатларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Россия раҳбари, шунингдек, Президент Илҳом Алиев билан Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тинчлик жараёнини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Бу Владимир Путиннинг икки йил аввал Украинага қарши уруш бошлаганидан бери Озарбайжонга илк ташрифи. Бу ташриф ҳам Украина Россия ҳудудига бостириб кирган ва Россиянинг ўзида жанглар кетаётган бир пайтга тўғри келмоқда.

BBC Озарбойжон хизмати муҳаррири Кенул Халилованинг ёзишича, Россия Украина ерларини аннексия қилгани учун Ғарбдан яккаланиб қолгандан сўнг, Путин иттифоқчилар билан алоқаларини мустаҳкамлаш ва янги алоқаларни топишга интилмоқда.

У армияси Украина ҳудудига бостириб кирган кунларда Озарбайжон билан иттифоқчилик шартномасини имзолаган. Озарбайжон ҳукумати Украина ва Ғарб билан яхши муносабатда бўлса-да, ҳеч қачон Путиндан юз ўгиргани йўқ. Бу галги давлат ташрифи ҳам Россия раҳбари учун уни қўллаб-қувватловчи давлатни дунёга кўрсатиш имконияти бўлди. 

Эътиборли тарафи, Путин Озарбайжонгача Шимолий Корея ва Вьетнамга ҳам давлат ташрифларини амалга оширган.

Газ масаласи

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Ғарб санкциялар жорий қилиши ортидан Москва Европа давлатларига газ экспортини тўхтатди. Бунинг эвазига Озарбайжон Европа Иттифоқи билан шартнома имзолади ва Россия газисиз қолган Европа давлатларига газ экспортини оширишга келишиб олди.

Сиёсий таҳлилчи Фуад Шаҳбазовнинг фикрича, Владимир Путиннинг Озарбайжонга бу галги ташрифидан кўзланган асосий мақсадлар иқтисодий ва биринчи навбатда, энергетика масалалари билан боғлиқ. Унинг фикрича, ташриф давомида Озарбайжон ва Россия ўртасида газ ташиш бўйича янги ҳужжат имзоланиши мумкин.

“Озарбайжон газининг Европага экспорти ҳажмини ошириш эвазига Россия газини Озарбайжонга етказиб бериш бўйича ҳужжат имзоланиши мумкин. Яъни, Россия газидан ички бозор учун фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, иқтисодий соҳада ҳамкорлик бўйича ҳужжат имзоланиши мумкин”, дейди Фуад Шаҳбазов.

Таҳлилчига кўра, бу ташрифдан яна бир мақсад Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги тинчлик жараёнидаги Россия позициясини мустаҳкамлаш бўлиши мумкин. Унинг фикрича, сўнгги пайтларда Ғарб институтлари икки давлат ўртасидаги зиддиятни ҳал қилишда фаоллашган ва Россия Жанубий Кавказ минтақасида ўз таъсирини тиклашдан манфаатдор.

Тинчлик шартномасини қўллаб-қувватлаш

“Россия томони Озарбайжон ва Арманистон муносабатларини нормаллаштиришга ҳар томонлама ҳисса қўшишга тайёр”, деб ёзмоқда “РИА Новости” Кремлга таяниб.

Сўнгги ойларда Озарбайжон ва Арманистон чегараларни делимитация қилиш ва тинчлик шартномасини тузиш бўйича тўғридан тўғри музокаралар олиб бориб, тинчлик шартномасини имзолашга тайёр эканликларини билдирмоқда.

Август ойида Баку ва Ереван тинчлик битими лойиҳасидан Озарбайжон ва унинг эксклави Нахичеванни боғловчи “Зангезур йўлаги” ҳақидаги бандни чиқариб ташлади. Бу масала музокараларнинг кейинги босқичида муҳокама қилиш учун қолдирилди.

Баку ва Москва Озарбайжон ва Нахичеван ўртасидаги йўл Россия назоратида бўлишини истарди, бироқ Арманистон бунга қарши чиқди.

Арманистон ва Россия ўртасидаги келишмовчиликлар Иккинчи Қорабоғ урушидан кейин юзага келган. Расмий Ереван уруш пайтида Россия ва КХШТ унга ёрдам бермаганидан норози. Арманистоннинг Ғарб давлатларига қурол-яроғ ва армия тайёрлаш бўйича мурожаати ҳам Россиянинг норозилигига сабаб бўлди. Расмий Москва НАТОга аъзо давлатларнинг Арманистонда бўлишини олқишламайди.

Бу омиллар, шунингдек, Путин ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ўртасидаги шахсий адоват сўнгги йилларда Россия ва Арманистонни узоқлаштирган.

Россия ва Арманистон иттифоқчи бўлишига қарамай, Владимир Путин у ерга бормади, чунки Арманистон Халқаро Жиноят Суди қарорларини амалга ошириш бўйича келишувлар аъзоси ҳисобланади. 2023 йил 17 март куни Халқаро жиноят суди Россия Президенти Владимир Путинни ҳибсга олишга ордер берди.

Ташрифнинг Эронга алоқаси борми?

Россия Президентининг бугунги ташрифидан сал аввал, 6 август куни Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Сергей Шойгу Озарбайжонга ташриф буюриб, Президент Илҳом Алиев билан учрашди. Унинг Бакугача бўлган йўли Эрон орқали ўтган.

Сергей Шойгу Теҳронда ҲАМАС етакчиси Исмоил Хония ўлдирилганидан бир ҳафта ўтиб, Эронга ташриф буюрган ва Бакуда учрашув ўтказган, шундан сўнг ватанига қайтган. Шойгу ташрифи чоғида Жанубий Кавказда тинчлик ва хавфсизлик каби масалалар ҳақида гапирди, лекин минтақа давлатлари орасида фақат Озарбайжонга ташриф буюрди.

Мутахассисларнинг фикрича, россиялик юқори мартабали мулозимнинг аввал Теҳронга, кейин эса Бакуга ташрифи Эрон ва Исроил ўртасидаги можаронинг эҳтимолий авж олиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Таҳлилчи Фуад Шаҳбазовга кўра, Россия Эрон ва Исроил ўртасида зиддият юзага келган тақдирда Озарбайжондан Исроилга яширин ёрдам берилиши мумкинлигидан хавотирда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг