Путин ҳали-бери ўлмоқчи эмас

Олам

image

Россия Илмий жамғармаси томонидан сўнгги беш йил ичида қариш ва умрни узайтириш соҳасидаги тадқиқотларни молиялаштиришга саккиз баравар кўпроқ пул тикилди. Бу ҳақда “Новая Европа” хабар берди.

Маълум қилинишича, жамғарма 2021–2025 йилларда қариш билан боғлиқ фундаментал тиббий тадқиқотлар бўйича 43 лойиҳани қўллаб-қувватлаган. 2016–2020 йилларда эса бу йўналишда атиги етти лойиҳа молиялаштирилган.

Жамғарма маълумотларига кўра, 2025 йилда бундай лойиҳалар учун грантлар йилига 4–7 миллион рублни (44–78 минг АҚШ доллари) ташкил этмоқда. Молиялаштириш муддати яна 1–2 йилга узайтирилиши мумкин. 2017 йилда эса бу юқоридаги кўрсаткич 3–6 миллион рубль (33–67 минг доллар) атрофида бўлган.

Ҳисобларга кўра, 2016–2020 йиллардаги 21 миллион рубль (233 минг доллар) билан солиштирганда, 2021–2025 йилларда қариш бўйича лойиҳаларга ажратилган маблағ ҳажми 172 миллион рублгача (1,91 миллион доллар) кўтарилган.

Кўплаб лойиҳалар 2021–2023 йилларда молиялаштирилган – айнан шу даврда 34 та ариза жамғарма томонидан қўллаб-қувватланган. Масалан, фонд туғма иммунитет механизмларининг қариш жараёнига таъсирини ўрганишга қаратилган тадқиқотга, шунингдек, Альцгеймер касаллиги билан боғлиқ ўзгаришларни аниқлаш ва уни олдини олиш йўлларини излашга грант ажратган.

2025 йилда “қариш” калит сўзи билан изланганда, бешта тиббий лойиҳа қўллаб-қувватланган. Улар орасида ҳужайраларнинг кимёвий препаратлар таъсирида қариш босқичида қайта бўлиниш қобилиятини ўрганиш ҳамда гипоталамус нейронлари фаолиятидаги ўзгаришларни таҳлил қилиш каби мавзулар мавжуд.

Шунингдек, “ҳужайраларнинг янгиланиш жараёнларини бошқариш”га бағишланган лойиҳа ҳам молиялаштирилган. Уни оммавий ахборот воситаларида Россия Президенти Владимир Путиннинг катта қизи Мария Воронцова олиб бормоқда.

Путин бир неча бор умрни узайтириш ва қаришга қарши технологиялар мавзусига қизиқишини очиқ билдирган. Яқинда, 3 сентябрь куни Пекиндаги ҳарбий парад пайтида у Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан суҳбатда бу асрда одамлар 150 йилгача яшаши мумкинлиги ҳақида фикр алмашган. Путин замонавий тиббиёт ва технологиялар ёрдамида инсон “ўзини тобора ёшроқ ҳис қилишини ва ҳаттоки ўлмасликка эришиши мумкинлигини” таъкидлаган. Уларнинг суҳбати камерага муҳрланган. 

Параддан қайтганидан сўнг у Краснодар ўлкасидаги лаборатория мажмуасига ташриф буюриб, “ёшартирувчи қулупнай” билан танишган.

2024 йилда Путин “Соғлиқни сақлашнинг янги технологиялари” миллий лойиҳасини эълон қилган эди. Унда 2030 йилгача 175 минг инсон ҳаётини сақлаб қолиш масаласи қўйилган бўлиб, асосий йўналишлардан бири – қаришга қарши тадқиқот ва технологиялар ҳисобланади. Лойиҳага биотехнологиялар, нейротехнологиялар, биологик ёшни баҳолаш, органларни биопринтинг қилиш каби йўналишлар ҳам киритилган.

Бироқ мутахассислар бу ташаббусларнинг амалга ошишига шубҳа билан қарамоқда. Уларнинг фикрича, бундай илмий йўналишлар ҳали тасдиқланмаган, ресурс ва инфратузилмалар етишмовчилиги сабабли лойиҳа кўпроқ рамзий тусга эга.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Владимир Путин умрни узайтириш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг