Путин: Ислом Каримов менга исмимни айтиб, “сен” деб мурожаат қилар эди
Олам
−
25 Февраль 2019
37192Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов буюк давлат ва сиёсат арбоби эди. У нафақат Марказий осиёда, балки дунё ҳамжамиятида катта обрў-эътиборга эга, ўзининг сиёсий қарашлари, келажакни олдиндан кўра билиши, халқпарварлиги ва миллатсеварлиги, қолаверса, глобал муаммолар устида доимий равишда бош қотириб, уларни ечиш йўлларини қидириши билан назарга тушганди.
Минтақада катта ҳурмат қозонган Ислом Каримов Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан ҳам илиқ муносабатда бўлган. Улар нафақат сиёсий ҳамфикр, балки дўст, оға-ини бўлган. Бу ҳақда Владимир Путиннинг хотиралари Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига жойлаштирилди.
“Ислом Абдуғаниевич буюк давлат арбоби, ўз мамлакатининг ҳақиқий етакчиси эди. Замонавий ўзбек давлатчилиги тарихининг муҳим босқичлари айнан унинг номи билан боғлиқдир. Ислом Каримов раҳнамолигида Ўзбекистон Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда минтақада кўптомонлама ҳамкорликни ривожлантиришга йўналтирилган тинчликпарвар сиёсат олиб борди.
Ислом Каримов Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатида шаклланишига улкан ҳисса қўшди. Унинг хизматлари кўламини фақат вақт ўтгачгина тўлиқ англаш мумкин, деб ўйлайман. Ўзбекистоннинг янги тарихида рўй берган воқеаларни турлича баҳолаш мумкин. Энг асосийси, давлат раҳбари мамлакатда барқарорлик ва изчил тараққиётни сақлаб қолди.
Кўп йиллик қадрдонлигимиз ва ҳамкорликдаги фаолиятимиз мобайнида, айниқса, сўнгги йилларда Ислом Абдуғаниевич билан ўртамизда илиқ муносабат шаклланди. У менга хайрихоҳ муносабатда эди. Ёши мендан каттароқ бўлгани боис Ислом Абдуғаниевич каминага исмимни айтиб, “сен” деб мурожаат қилар эди. Бундан эса инсоний бир самимият ва яқинликни ҳис этар эдим”, дейди Владимир Путин ўз хотираларида.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2016 йилнинг 2 сентябрь куни 78 ёшида оғир хасталикдан вафот этган эди.