Путин газ бермасдан Германияга айтганини қилдирмоқчи
Олам
−
20 Июль 2022
17986Россия Президенти Владимир Путин газдан фойдаланиб, Германияни ўзи йўриғига юргизиш ниятида чоғи. Путиннинг Теҳронда билдирган фикри шундай дейишга асос бўляпти. Россия Президенти Владимир Путин Эронга ташрифи чоғида билдирган фикрларини ТАСС эълон қилди.
Путин Эронга сафари чоғида журналистлар саволларига жавоб бериб, Европага газ етказиб беришнинг яна бир йўли борлигини – бу “Шимолий оқим 2” газ қувури эканини айтиб ўтди.
“Бизда яна бир тайёр маршрут бор – бу “Шимолий оқим 2”. Уни ишга тушириш мумкин”, деган Путин.
Шу билан бирга, ушбу газ қувури қувватининг ярми аллақачон ички истеъмол учун банд қилинганини таъкидлаган.
“Шунинг учун эртага “Шимолий оқим 2”ни ишга туширсак ҳам, бу йилига 55 миллиард куб метр эмас, балки ярмини ташкил қилади”, дея тушунтирган Путин.
Унинг қўшимча қилишича, “Газпром” Канададан “Шимолий оқим 1” газ қувури учун турбинани қайтариш бўйича расмий ҳужжатларни ҳалигача олмаган. Агар турбина қайтарилмаса, йўналиш бўйлаб ҳозирги 60 миллион ўрнига кунига атиги 30 миллион куб метр газ етказиб бериш мумкин бўлади.
Путин, шунингдек, Ғарб давлатларининг Россия нефтига максимал нарх белгилаш режаларига ҳам изоҳ берган. Россия Федерацияси Президенти бу ғояларни “ҳақиқатга мос келмайдиган” деб атаган ва улар амалга оширилса, “нефть нархи осмонга кўтарилиши”ни башорат қилган.
“Шимолий оқим 2” газ қувури Болтиқ денгизи туби бўйлаб Россиянинг Уст-Луга шаҳридан Германиянинг Грайфсвальд шаҳригача чўзилган. Унинг қурилиши 2021 йилнинг кузида якунланди. 22 февраль куни Германия Россиянинг ўзини мустақил деб эълон қилган ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олишига жавобан “Шимолий оқим 2”ни ишга тушириш жараёнини тўхтатди.
Ҳозир“Шимолий оқим 1” газ қувури Россия газини Европага етказиб беришнинг асосий йўли бўлиб турибди. Июнь ойида “Газпром” у орқали газ оқимини кунига 67 миллион куб метргача қисқартирган (кўрсаткичнинг 60 фоизи).
“Газпром” буни Канадага таъмирлаш учун юборилган ва уруш бошланганидан кейин санкциялар остида қолган Siemens турбинасини қайтаришнинг кечикиши билан изоҳлади. Канада кейинчалик Германиянинг илтимосига биноан турбинани Россияга қайтаришга рози бўлди.
11 июлдан бошлаб “Шимолий оқим 1” режалаштирилган техник ишларни бажариш учун 10 кунга тўлиқ тўхтатиб қўйилди. Европа давлатлари раҳбарлари Россия Федерацияси у орқали газ етказиб беришни қайта тикламаслиги ёки уларни тўлиқ тикламаслиги мумкин деб хавотир олмоқда. “Bloomberg” хабарига кўра, Еврокомиссия август ойидан бошлаб ЕИда газ истеъмолини 15 фоизга камайтиришни таклиф қилади.
LiveБарчаси