Путин депутатлар “қулоғига лағмон осдими”?
Олам
−
23 Февраль 2023
7317Аввал хабар берганимиздек, Россия Президенти Владимир Путин жорий йилнинг 21 февраль куни Федерал Мажлисга мурожаат қилган ва ўз нутқида асосий эътиборни “мавжуд вазиятга” – “махсус ҳарбий операция”ни ўтказиш, иқтисодиёт ва ижтимоий муаммоларга қаратганди. Унинг мурожаати тўғридан-тўғри трансляция қилинган эди. Орадан кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда россиялик депутатнинг ушбу мурожаатни қулоғига лағмон осган ҳолда тинглаётгани тасвирланган видео ва суратлар тарқалди.
Маълум бўлишича, видеодаги шахс Россия Федерацияси Коммунистик партиясидан Самара вилояти Думасига сайланган депутат Михаил Абдалкин бўлиб, у Путиннинг мурожаатини қулоғига лағмон илган ҳолда кузатган ҳамда ўзини суратга олиб ижтимоий тармоқларга жойлаган.
“Самара вилояти Думаси раиси ўринбосарининг илтимосига биноан Президентнинг икки соатлик хабарини тингладим. Тўлиқ қўллаб-қувватлайман, тўлиқ қўшиламан, ажойиб иш. Мен сўнгги 23 йил ичида бундай нарсаларни эшитмаганман. Жуда ҳайратдаман”, дея киноя билан ёзган депутат ижтимой тармоқларда.
Шунингдек, у ўз Telegram каналида Президент мурожаатига ишониш қийинлигини айтиб ўтган. Унга кўра, мурожаатда чегаралар ўзгаришидан ташқари “махсус ҳарбий операция” мақсадларига эришиш ҳақида ҳеч нарса айтилмаган, жамоатчилик кутганидек “Ватан уруши” эълон қилинмаган.
Маълумот учун, Михаил Абдалкин 1988 йил 4 ноябрда Куйбишев вилояти Новокуйбишевск шаҳрида туғилган. Ҳозирда у Россия Федерацияси Коммунистик партияси Новокуйбишевск шаҳар бўлими қўмитасининг биринчи котиби бўлиб ишлайди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси