Путин даврида таъқибга учраганларнинг сони қанча?
Олам
−
23 Февраль
5323Ҳисоб-китобларга кўра, Россия раҳбари Владимир Путиннинг тўртинчи президентлик муддати давомида 116 минг киши таъқибга учраган, бу эса ушбу даврни Сталиндан кейинги СССРдаги шунга ўхшаш вақтларга қараганда анча репрессив қилади. Бу ҳақда "Проект" нашрининг кеча, 22 февраль куни чоп этилган тадқиқотида маълум қилинди.
Нашр 2018 йилдан 2023 йилгача судларга келиб тушган жиноят ва маъмурий ишларни ўрганиб чиққан.
"Проект" ҳисоб-китобларига кўра, шу вақт ичида ҳуқуқ ҳимоячилари репрессив деб ҳисоблаган асосий моддалар (экстремизм, терроризмни оқлаш, сохталаштириш, армияни обрўсизлантириш) бўйича 5613 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Украинада жанг қилишдан бош тортганларни, шунингдек, давлатга хиёнат ва жосусликда айбланганларни ҳисобга олсак, 11 442 нафар шахс репрессияга учраган бўлади.
Давлат архивига кўра, 1956 йилдан 1961 йилгача Никита Хрушчёв даврида 4883 киши "Советларга қарши ташвиқот ва тарғибот" ва "Қасддан ёлғон уйдирмаларни тарқатиш" каби асосий сиёсий моддалар бўйича судланган. Кейинги йилларда, яъни қайта қуриш давригача (1962 йилдан 1985 йилгача) РСФСРда ушбу моддалар бўйича 3234 киши судланган.
"Проект"нинг таъкидлашича, СССРда “антисоветизм” учун жиноий ишлар Сталиндан кейинги даврда қўлланилган репрессив тизимнинг кичик бир қисмидир ва унда асосий урғу "олдини олиш" деб номланган.
Масалан, 1967-1974 йилларда 120 мингдан ортиқ кишига огоҳлантириш берилган ва рўйхатга олинган.
“Бугунги кунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг диққат марказида бўлган одамларнинг статистикаси йўқ. Бироқ, сўзга чиққани ва митингларда қатнашгани учун жаримага тортилганлар сонини аниқлаш мумкин – олти йил ичида уларнинг сони 105 мингга яқин бўлган”, дея қайд этилган “Проект” тадқиқотида.
Бундан ташқари, сўнгги олти йил ичида Россияда Совуқ уруш давридагидан кўра кўпроқ одам давлат сирларини ошкор қилиш ва жосуслик моддалари бўйича судланган. Путиннинг тўртинчи муддати давомида 39 киши жосусликда айбланган, бу йилига ўртача олти кишидан сал кўпроқ. 1967-1974 йилларда эса Совет судлари йилига ўртача икки кишига бундай ҳукм чиқарган.
Олти йил ичида Россияда давлат сирларини ошкор қилганлик учун 329 киши судланган. Бу йилига 54 кишига тўғри келади. Бу кўрсаткич 1967 йилдан 1974 йилгача бўлган даврда йилига ўртача тўрт кишидан сал кўпроқ бўлган.