Хитой Литвани жазолаш учун Германиядан фойдаланмоқчи
Олам
−
17 Декабрь 2021
7996Хитой Германиянинг “Continental” бренди остида йирик автомобиль бутловчи қисмларини ишлаб чиқарадиган компаниясига Литвада ишлаб чиқарилган ҳар қандай эҳтиёт қисм ва маҳсулотлардан фойдаланишни тўхтатиш талабини қўймоқда. Бу ҳақда бугун, 17 декабрь куни, “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.
Манбага кўра, Хитойнинг Берлинга бундай талаб билан чиқишига Тайвань масаласида Болтиқбўйи давлатлари ва Пекин ўртасида зиддият келиб чиққани сабаб бўлган. “Continental”ни босимлар остида қолдирган Пекин Литва билан боғлиқ сиёсий зиддиятда Болтиқбўйи давлатига иқтисодий жиҳатдан зарба бериш йўлини танламоқда. Ўз мақсадини амалга ошириш учун эса Хитой дунёдаги йирик автомобиль саноатига эга Германияни ҳозирча асосий восита сифатида кўрмоқда.
Хитой ўзининг ҳудуди деб билувчи Тайваннинг ўтган ойда Вильнюсда ваколатхонасини очиши ортидан Литва билан дипломатик алоқларини узганди. Бунга қадар эса Литвада ҳукмрон коалиция ўтган йили “демократия учун курашаётган” Тайванни қўллаб-қувватлашини билдирган.
Дунёнинг йирик бутловчи қисимлар ишлаб чиқарувчиси бўлган “Continental”, Литвада автомобиль учун зарур электроник жиҳозлар йиғиш базаларига эга. У ерда тайёрланган маҳсулотлар ўрнатилган машиналар эса Хитой ва Ҳиндистон каби дунёнинг бир нечта йирик бозорларига экспорт қилинади.
“Кўплаб Хитой корхоналари Литвани ўзларига ишончли ҳамкор сифатида кўрмай қолишган. Литва компаниялари нега савдо ва иқтисодий жиҳатдан тўсиқларга учраётганини билмоқчи бўлса, расмий Вильнюс олиб бораётган сиёсатига назар солсин”, дейди Хитой Ташқи ишлари вазирлиги Матбуот котиби ўз баёнотида.
Бундан ташқари, Матбуот котиби “Бир Хитой бир Тайвань” сиёсати Хитойнинг ички ишларига аралашув руҳини орттириб, Пекин-Тайпей муносабатларига раҳна солмоқда, дея қўшимча қилган.
Сўнгги пайтларда Хитой давлатларни Тайвань билан ҳар қандай дипломатик алоқаларни узишга ундаб келмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг декабрь ойи бошларида Хитой Литва ўзининг база ва филиалларига эга компаниялардан мазкур Болтиқбўйи давлати билан ҳамкорлик қилишни тўхтатишини сўраган, акс ҳолда Хитой бозорлари улар учун ёпилиши ҳақида уларни огоҳлантирган.
Литва Ташқи ишлар оффиси директори вазиятга изоҳ берар экан, “Хитой томонидан жорий қилинаётган иқтисодий босимлар Литвада ўз база ва филиалларига эга корхоналар савдоси учун жиддий зарар туғдириши мумкин. Биз Германия компанияси ва бошқа ташкилотлар билан боғлиқ вазиятни назоратга оламиз ва Хитой билан иқтисодий муаммоларга ечим топилишига умид боғлаймиз” дея таъкидлаган.
Маълумот учун, “Бир Хитой бир Тайвань” сиёсати АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп томонидан, Хитойнинг Тайванни ўз тасарруфида сақлаб қолиш учун жорий қилинган “Бир Хитой” сиёсатига қарши илгари сурилган. “Бир Хитой” сиёсатида Тайвань Хитойнинг ажралмас қисми ҳамда Хитой Халқ Республикаси эканлиги назарда тутилган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь