Путин АҚШ ва НАТО устидан Макронга шикоят қилди
Олам
−
29 Январь 2022
17586Хавфсизлик кафолати борасидаги талабларига АҚШдан ёзма равишда рад жавобини олган Кремль ҳолат юзасидан расмий баёнот элон қилди.
Билдирилишича, Россия Президенти Владимир Путин Москванинг Украинани альянсга аъзо қилмаслик борасидаги асосий талабига кўз юмган АҚШ ва НАТОни Шарқий Европада қўшинлари сонини кўпайтираётагни учун танқид қилган.
Кремль талаблари рад этилганидан сўнг, Россия раҳбари Франция Президенти Эммануэль Макрон билан бўлган телефон суҳбатида АҚШ ва НАТО борасида ўз эътирозларини билдирган.
Франция ва Россия раҳбарлари суҳбатидан иқтибос келтирар экан, Кремлнинг маълум қилишича, Путин АҚШ ва НАТОнинг жавоби юзасидан сўнгги қарорини эълон қилишдан аввал уни яхшилаб ўрганиб чиқишини билдирган.
“Суҳбат давомида давлат раҳбарларининг диққати АҚШ ва НАТО йўллаган жавобда Россиянинг асосий талабини инобатга олмаганига қаратилди”, дейилади Путин ва Макрон суҳбати ҳақида эълон қилинган Кремль баёнотида.
Бундан ташқари, суҳбат давомида НАТОнинг кенгайишига йўл қўймаслик ва унинг Россия чегаралари яқинида ҳужум қуролларини жойлаштириши билан боғлиқ муаммолар кўриб чиқилган.
НАТОнинг “ҳарбий имкониятлари ва инфратузилмасини” собиқ Варшава шартномасига биноан, Шарқий Европа давлатлари иттифоққа қўшилишдан олдинги ҳолатига қайтариш каби масалалар ҳам муҳокама қилинган.
“Асосий савол эътибордан четда қолди – Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари хавфсизликнинг яхлитлиги тамойилига қандай амал қилмоқчи... Ҳеч ким ўз хавфсизлигини бошқа давлатга хавф туғдириш ҳисобига мустаҳкамламаслиги керак”, дейилади Кремль баёнотида.
Франция Президенти маъмурияти расмийсига кўра, Путин Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Москва урушни хоҳламаслиги ҳақидаги сўзларига қўшилиб, вазият кескинлашишини истамаслигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, бундан бироз аввал АҚШ Президенти Жозеф Байден Россия тез орада Украинага ҳужум қилиши ҳақида маълум қилган эди. Ҳатто у, Украина хавфсизлигини таъминлаш учун Шарқий Европага ҳарбийлар гуруҳини юбориши ҳақида ҳам билдирган.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси