Путин 71 ёшда! У туғилган кунини ким билан қандай нишонлаши айтилди
Олам
−
07 Октябрь 2023
21766Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин бугун, 7 октябрь куни 71 ёшни қарши олди. Мамлакат етакчиси ўз президентлик даврида 20-бор таваллуд айёмини нишонламоқда.
Айнан бугун Россия раҳбари Қозоғистон ва Ўзбекистон Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев ва Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб берилишига бағишланган маросимда иштирок этади.
Владимир Путин бу воқеага ўз муносабатини билдирар экан, “Дўстларимиз ўсиб бораётган талаб ва иқтисодий ўсишини инобатга олиб, олдимизга ушбу масалани қўйишди. Бу борада биргаликда ишладик, техник жиҳатдан бу аллақачон амалга оширилган”, деди.
Путиннинг туғилган куни қандай ўтади?
Давлат раҳбарининг байрами одатда яқинлари даврасида ўтади. Путин бу мавзуга ортиқча эътибор бермасликка ҳаракат қилади. "Бу менинг туғилган куним, бу миллий байрам эмас. Менимча, бу воқеанинг аҳамиятини бўрттириш ноҳақликдек туюлади", дейди у.
Шунга қарамай, Путинга одатда эрталабдан табрик телеграммалари ва қўнғироқлари кела бошлайди. Баъзан куннинг биринчи ярмида у ўндан ортиқ халқаро суҳбатлар ўтказади, уларда табриклардан ташқари, долзарб иш масалаларида ҳам гаплашилади. Шу куни Россия билан илиқ муносабатларга эга бўлган давлатлар раҳбарлари шахсан Россия Федерацияси Президенти ҳузурига келишлари мумкин.
Жонажон уйда, сафарда ва ишда ўтган айёмлар
Владимир Путин президентлик даврида (2000-2008 ва 2012 йилдан), шунингдек, Бош вазир бўлиб фаолият юритганида (1999 ва 2008-2012 йилларда) таваллуд айёмини уйда, Москва ёки Санкт-Петербургда нишонлаган эди. Аммо айрим истиснолар ҳам йўқ эмас: масалан, 2002 йил Путин ўзининг ярим асрлик юбилейини МДҲ саммити бўлиб ўтган Кишинёвда ва 2013 йилда (61 ёшини) Балида ўтган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида нишонлаган эди.
У 2014 йилда президентлик фаолияти давомида биринчи марта туғилган кунида дам олди. Бунинг учун Тайгани танлади. Давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков таъкидлаганидек, Путин энг яқин турар-жойдан 300-400 км узоқликда эди, шунинг учун шароитлар у даражада яхши бўлмаган. Кейинчалик Россия раҳбари қисқа таътил учун бир неча бор Сибирни танлади.
Яна бир қизиқ маълумот, хоккейга қизиқиб қолган Путин 2015 йилда ўзининг 63 ёшини муз устида нишонлади ва тунги хоккей лигасининг "МХЛ терма жамоаси" ва "МХЛ лигаси" жамоалари ўртасидаги ўйинда қатнашди.
“Олтин ўрталик”
Жаҳон миқёсидаги меъёрларга кўра, Путиннинг ёши сиёсатчи учун "олтин ўрталик" ҳисобланади. Мисол учун, АҚШ Президенти Жо Байден ноябрь ойида ўзининг 81 ёшини нишонлайди. Ундан ҳам ёши катта давлатлар раҳбарлари бор.
МДҲда давлат раҳбарлари нафақат асосий қарашлари, балки ёши жиҳатидан ҳам яқин ёки деярли бир хил. Масалан, 5 октябрь куни таваллуд кунини нишонлаган Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Путиндан икки кунлик катта. Тўқаев келаси йилнинг май ойида худди шу ёшга тўлади.
Шу ўринда МДҲ давлатлари етакчиларининг ёшига эътибор қаратсак: Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев – 66 ёшда бўлса, Озарбайжон раҳбари – Илҳом Алиев 61 ёшни қаршилаган. Беларусь етакчиси Александр Лукашенко – 69 ёшда. Давлат раҳбарлари орасида ёшлари ҳам бор. Масалан, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров – 54, Арманистон бош вазири Никол Пашинян – 48, Туркманистон раҳбари Сердар Бердимуҳамедов – 42 ёшни қаршилаган.