Путин Ҳиндистонни узлуксиз ёқилғи билан таъминламоқчи
Олам
−
05 Декабрь 2025 3524 2 дақиқа
Россия мамлакатнинг жадал ривожланаётган иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун Ҳиндистонни барқарор ёқилғи таъминоти билан таъминлашга тайёр. Бу ҳақда Президент Владимир Путин Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашув якунлари бўйича чиқиши чоғида маълум қилди.
“Бизнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлигимиз муваффақиятли ривожланмоқда. Россия энергия ресурслари ва Ҳиндистоннинг энергетика соҳасини ривожлантириш учун зарур бўлган барча нарсаларни ишончли етказиб берувчи ҳисобланади. Биз тез суръатлар билан ўсиб бораётган Ҳиндистон иқтисодиётини ёқилғи билан узлуксиз таъминлашда давом этишга тайёрмиз”, дея таъкидлади Россия раҳбари.
Путиннинг сўзларига кўра, икки давлат ўртасида нефть ва нефть маҳсулотлари савдоси, шунингдек, Россия нефтини Ҳиндистон корхоналарида қайта ишлаш муаммосиз ва режага мувофиқ давом этмоқда.
Август ойида АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳиндистоннинг Россия нефтини харид қилишига қўшимча 25 фоизлик бож жорий қилди ва умумий тарифни 50 фоизга оширди. Америка раҳбари, шунингдек, Вашингтон худди шундай чораларни Россиянинг бошқа ҳамкорларига ҳам қўллаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.
Вазиятни шарҳлар экан, Ҳиндистон Бош вазири мамлакат ўз аҳолисининг иқтисодий манфаатларини, гарчи бу катта харажатларга олиб келса ҳам, ҳимоя қилиш ниятида эканини таъкидлади.
20 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Руденко Россия нефтини Ҳиндистонга етказиб бериш давом этаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, АҚШнинг қўшимча тарифлар киритиш таҳдиди ҳеч қандай таъсир кўрсатмаган ва Нью-Деҳли Россия ёқилғисини импорт қилишни давом эттириш режаларини сақлаб қолган.
Эслатиб ўтамиз, 4 декабрь куни Россия Президенти Владимир Путин сўнгги тўрт йил ичида биринчи марта Ҳиндистонга ташриф буюрди. Россия ҳукумати самолёти Ҳиндистон ҳаво кучларининг Нью-Деҳлидаги Палам авиабазасига қўнган. Путинни Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кутиб олган. Россия Президенти ва Ҳиндистон Бош вазири бир автомобилга ўтириб, норасмий учрашувга йўл олган.
Live
Барчаси