Пушаймон бўласизлар – Хитой Олимпиадани бойкот қилган давлатларга
Олам
−
10 Декабрь 2021
17920Хитой Пекинда ўтказиладиган қишки Олимпия ўйинларига дипломатик бойкот эълон қилган давлатларни “хато ҳаракатлари учун жавоб бериши” ҳақида огоҳлантирди.
“АҚШ, Буюк Британия ва Австралия Олимпия ўйинларидан сиёсий манипуляция учун фойдаланяпти”, деди Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Веньбинь.
Хитой давлат матбуоти шу ҳафта чоршанба куни Пекин бойкот эълон қилган америкалик ва ғарб сиёсатчиларини мусобақага таклиф қилишни режалаштирмагани ҳақида хабар тарқатди.
“Мамалакатлар берган бойкот спортчиларнинг мусобақага боришига тўсқинлик қилмайди”, дея таъкидлади Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ) президенти Томас Бах.
Бошқа давлатлар, жумладан, Япония ҳам дипломатик бойкот қилиш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар тарқалмоқда. Кейинги ёзги Олимпиадага мезбонлик қиладиган Франция бойкотга қўшилмаслигини айтди. Италия дипломатик бойкотга қўшилиш режаси йўқлигини маълум қилди. Россия Президенти Владимир Путин 2014 йилда допинг можароси туфайли мамлакати Олимпия мусобақаларида қатнашиши тақиқланганига қарамай, иштирок этиш таклифини қабул қилди.
АҚШ, Буюк Британия, Австралия, Канада ва Янги Зеландия каби давлатлар Хитойдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли ҳукумат вакилларини келаси йил февраль ойида Пекинда бўлиб ўтадиган қишки Олимпия ўйинларига юбормаслигини расман эълон қилди.
Маълумот ўрнида, бойкот қилган давлатлар ва Хитой ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда кескинлашган. Ғарб Хитойни Шинжон-Уйғур автоном вилояти аҳолисига зулм қилишда айблаб келади. 2018 йилда БМТ Хитойнинг “қайта тарбиялаш лагерларида” миллион нафаргача этник уйғур бўлиши мумкинлигини хабар қилган эди. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги эса буни ҳозиргача рад этиб келмоқда.
Достон Искандаров
LiveБарчаси