“Пулларимга розиман”. Директорлар ўқитувчиларнинг маошини нега ушлаб қолмоқда?

Жамият

image

Коронавирусга қарши олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда карантин вақтида аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга жавоб қайтариш мақсадида ҳар куни АОКА ҳузуридаги штабда брифинг ўтказиб келинмоқда. Унда турли соҳа вакиллари иштирок этиб, саволларга жавоб қайтармоқда.

Бугун, 16 апрель куни ўтган брифингда Халқ таълими вазирлиги ўқув жараёнини методик таъминлашни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Дониёр Эрматов ҳам иштирок этди. 

Маълум бўлишича, Республикадаги айрим мактаблар директори ўз ходимларидан солиқ тўловини “ойлигимдан ушлаб қолишингизга розиман”, деган ариза ёзишни талаб қилмоқда экан. Брифинг давомида бу иш қанчалик тўғри эканлиги сўралди. 

Дониёр Эрматовнинг таъкидлашича, амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ, иш ҳақидан фақатгина ходимнинг ёзма аризасига асосан ушлаб қолинади.

“Шунингдек, иш ҳақи ижро ҳужжатларида кўрсатилган ҳоллардагина (солиқлар ундириш, суд қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш ва шу каби ҳолатлар) ходимнинг розилигисиз ушлаб қолиниши мумкин.

Бошқа ҳолларда (масалан, обуна, коммунал тўловлар ва ҳ.к) ходимнинг ёзма розилигисиз унинг иш ҳақидан ушлаб қолиш ноқонунийдир”, деди Дониёр Эрматов.

Эслатиб ўтамиз, Президент Фармонига кўра, жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

халқ таълими

Баҳолаганлар

502

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг