Пулини тўлади, отди – Экоқўмита камёб айиқнинг ўлдирилгани бўйича изоҳ берди

Жамият

image

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси томонидан Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида камёб Тяньшан қўнғир айиғи ўлдирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Эътиборли жиҳати, бунга Ўзбекистон Республикаси Давлат экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Алишер Мақсудовнинг имзоси билан рухсат берилгани айтилганди. Экология қўмитаси ҳолат юзасидан баёнот берди.

Қўмита, аввало, тарқатилган хабар муаллифини “амалдаги қонунчиликни яхши ўрганмасдан жамоатчиликни чалғитиш орқали қўмита раҳбариятини ёмонотлиқ қилиш мақсадида одамларни жунбушга келтирадиган хабар тарқатганликда” айблаган.

Баёнотга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 8 июлда қабул қилинган “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги ЎРҚ-627-сонли Қонунининг мақсади ов қилиш ва овчилик хўжалиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Шу қонуннинг 15-моддасида ёввойи ҳайвонларни тутишга доир ҳар йилги квота ёввойи ҳайвонларнинг кўп миқдорда тутиладиган турларига, шунингдек, камёб ва оз сонли турларига нисбатан белгиланиши кўрсатилган. 

“Қонун талабига асосан, ёввойи ҳайвонларни тутишга доир талабномалар жисмоний ва юридик шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига топширилади. 

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси эса ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини талабномалар асосида тайёрлайди ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясига юборади.

Фанлар академиясининг ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳаси бўйича хулосаси асосида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квоталарни тасдиқлайди, квотани тақсимлаш тўғрисида қарор қабул қилади ҳамда уни Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитасига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаларига  юборади. 

Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир тасдиқланган квоталарга мувофиқ экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳудудий органлари квоталарни берилган талабномаларга мувофиқ тақсимлайди ҳамда ҳайвонот дунёсидан фойдаланишга доир рухсатномаларни беради. 

Худди шу қонуннинг 16-моддасида эса Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёввойи ҳайвонларни ов қилиш ҳақ тўлаш асосида амалга оширилиши кўрсатиб қўйилган. Тўловлар ёввойи ҳайвонларни тутишга доир рухсатномада кўрсатилган ҳар бир ёввойи ҳайвон учун киритилади. Ёввойи ҳайвонларни тутиш учун тўловлар миқдорлари ушбу қонуннинг 1-иловасига мувофиқ белгилаб қўйилган”, дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, Тяньшан қўнғир айиғини овлашга ҳам айни шу тартибда, яъни қонуний талабларга тўлиқ амалга қилган ҳолда рухсат берилган. 2020 йилнинг 25 ноябрида Фанлар академиясига қонун талабларига асосан ёввойи ҳайвонларни тутишга доир квота лойиҳасини кўриб чиқиб, хулоса бериш учун сўров юборилган. 2020 йилнинг 4 декабрь санасида Фанлар академиясининг Биоресурслар бўйича Идоралараро комиссияси 2021 йил учун ноёб ва “Қизил китоб”га киритилган ҳайвонларга ажратилган квоталар тўғрисидаги хулосасини қўмитага тақдим этган. Унда 2 дона Тяньшан қўнғир айиғини тутиш ҳам кўрсатилган.

“Шундан сўнг, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг “Ёввойи ҳайвонларни тутишга доир 2021 йилги квотани тасдиқлаш тўғрисида”ги 352-сонли буйруғи қабул қилинади. Мазкур буйруқда квотага киритилган ёввойи ҳайвонларни тутиш, яъни табиатдан ажратиб олиш тартиб-қоидалари аниқ кўрсатилган. Бундан ташқари, 2020 йилнинг 28 декабрида бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ёзма равишда расмий ахборот берилган. Ҳукуматнинг айни масала бўйича 2021 йил 8 январда имзоланган топшириғида Қизил китобга киритилган ҳайвонларни табиатдан олишга қонун талабларида белгиланган тартибда рухсатнома беришни таъминлаш топширилган”, дейилади Қўмита ахборотида.

Қайд этилишича, жорий йил 3 март куни Россия Федерация фуқароси Широкову Е.П.га Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоби”га киритилган 2 та Тяньшан қўнғир айиғини отишга №400030-сон рухсатнома берилган.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ушбу ҳолатга “Қўмита раҳбарининг ўзини ашаддий бронконьер ва бронконьерликни қўллаб қувватлайдиган шахс кўринади”, дея муносабат билдирганди. Депутат бу масалада парламент назорати кераклигини таъкидлаганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

665

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг