Пўлат Бобожоновга раҳбарлари устидан арз қилган наманганлик “участковый”га жиноят иши қўзғатилди

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқда Наманган шаҳридаги 2-сонли ИИЎ ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Сардорбек Отабоевнинг Ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаати тарқалганди. Унда Сардорбек Отабоев ўзи ишлаётган идорада раҳбарларнинг қонунга зид кўрсатмаларига қарши чиққан, ҳуқуқини талаб қилган ходимлар ҳақоратланган ва уларга турли йўллар билан босим қилингани ҳақида арз қилган.

Шундан сўнг, вилоят ИИБ ҳолат бўйича муносабат билдирди. Унга кўра, 2021 йил cентябрь ойида фуқаро М.Ю.нинг катта лейтенант С.О.нинг устидан арз қилиб, ёзган аризасига асосан ўтказилган текширувда, катта лейтенант С.О. 46, 27 ва 39 ёшлардаги уч нафар фуқаронинг номига сохта маълумотлар киритиб, “Халқ банки”дан 81 млн 400 минг сўм кредит олиб, ўзининг эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганлиги аниқланган.

Текширув якунига кўра, С.О.ни эгаллаб турган лавозимидан озод этилиши ҳақида хулоса қилинган.

Наманган вилояти ИИБнинг хизмат текшируви хулосаси ва тўпланган ҳужжатлар аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун Наманган шаҳар прокуратурасига юборилган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг берган маълумотига кўра, собиқ профилактика инспектори С.О. бошқа фуқароларнинг номига олинган жами 81,4 млн сўм кредит маблағларини талон-торож қилганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 168 ва 209-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи турли баҳоналар билан терговга келишдан бош тортиб, яширингани сабабли, унга нисбатан сиртдан айб эълон қилиниб, 13 ноябрь куни судининг ажрими билан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилган ва унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида 14 ноябрь куни айбланувчи ушланиб, ҳимоя ҳуқуқлари таъминланган ҳолда терговга жалб қилинган.

Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

837

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг