Прокурорлар ҳам, солиқчилар ҳам – ҳаммаси порахўр – Мирзиёев
Жамият
−
21 Июнь 2019
20420Хабарингиз бор, бугун, 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 31 мартидан 2019 йилнинг 20 июнига қадар Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида фаолият юритган Отабек Муродовга нисбатан жиноий иш очилганини очиқлади. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, Муродовга очилган жиноий иш коррупция билан боғлиқ. Бу ҳақда Сенат ялпим мажлисида иштирок этаётган QALAMPIR.UZ мухбири Суннатилла Абдуллаев хабар берди.
“Мана, иккинчи прокурор ҳам коррупцияда айбланиб, жиноят иши очилди. Мен унга ишонгандим. Кимгадир ишониб, уни прокурор лавозимига қўйсаму у эртага бориб вилоят, тумандан 100-50 минг пора сўрайди. Прокуратуранинг ўзида прокурор бўладиган одам йўқ, улар тўда бўлиб кетган. Прокурорлар ҳам, солиқчилар ҳам ҳаммаси порахўр. Собиқ раҳбарлар Абдуллаев ҳам, Муродов ҳам катта муддат билан озодликдан маҳрум этилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Президент Отабек Муродов ҳақидаги фикрларини давом эттираркан, уларнинг иш бошламасидан порахўрликка берилишини танқид қилди.
“Кимгадир амал бераман, у эса пора олади, 20 хоналик уй қуради. Шу уйнинг бор-йўғи иккита хонасида яшайди. Нима керак пора олиб?”
Эслатиб ўтамиз, Муродовгача Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори лавозимида ишлаган Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевга ҳам жиноят иши очилган эди.