Тошкент прокурори ёшлар билан учрашди
Бизнес
−
05 Март 2022
9263Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги “Япон боғи”да “Прокурор ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Тошкент шаҳар прокуратураси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Тошкент шаҳар прокурори Улуғбек Қосимов тумандаги 200 дан ортиқ ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди.
Мазкур учрашувнинг асосий мақсади туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, бандлигини таъминлаш ҳамда муаммоларини бартараф этишга қаратилган бўлиб, учрашув давомида ушбу дафтардаги 82 нафар ёшларга амалий ёрдам кўрсатилди.
Хусусан, 30 нафар ёшлар тадбир жараёнида ишга жойлаштирилди. Шунингдек, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 25 нафар ёшларга субсидиялар ажратилди, 25 нафар ёшларга эса олий таълим муассасасининг 50 фоиз контракт тўловлари тўлаб берилиши таъминланди.
Шу билан биргаликда тадбирда шаҳар Бандлик бош бошқармаси томонидан бўш иш ўринлари бўйича “Меҳнат ярмаркаси”, ёшлар учун кўнгилочар спорт мусобақалари ҳамда ҳунармандлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, тадбир натижаси бўйича шаҳар прокурори томонидан туман мутасадди идоралар раҳбарларига ушбу йўналишда ишларни янада жадаллаштириш юзасидан тегишли тавсиялар берилди ҳамда маҳалла профилактика инспектори ва маҳалла ёшлар етакчиларига ёшларни доимий назорат қилиш вазифаси юклатилди.
Бу каби учрашувлар ёшлар муаммоларини ҳал этишда асосий ўрин эгаллаши, айни ҳақиқат. Зеро, ёшлар эртамиз эгалари, олиб борилаётган саъй-ҳаракатларимиз давомчиларидир.
LiveБарчаси