Профилактика инспекторининг ишига аралашиш, асоссиз юклама бериш тақиқланади

Олам

image

Ўзбекистонда профилактика инспекторининг касбий фаолиятига аралашиш, унга тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва асоссиз юкламалар бериш тақиқланади. Бу ҳақда бугун, 29 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёевга тақдимот қилинган “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатдаги 9 мингга яқин маҳаллада 10 мингдан ортиқ профилактика инспектори хизмат қилмоқда. Давлат раҳбари бу катта куч эканини таъкидлаб, жиноятчиликни жиловлашда, аввало, профилактика инспектори ишини тўғри ташкил қилиш зарурлигини кўрсатиб ўтган.

Амалда профилактика инспекторларига хос бўлмаган 50 га яқин қўшимча вазифа юклатилгани, айрим ҳолларда уларнинг маҳаллама-маҳалла юриб, жиноятчиликни жиловлаш ва аҳоли муаммоларини ҳал этиш ўрнига бошқа ишлар билан банд бўлиб қолаётгани қайд этилган.

Шу муносабат билан ишлаб чиқилган “Ички ишлар органлари профилактика инспекторининг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тўғрисида ахборот берилган. Унда профилактика инспекторининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, касбий фаолият кафолатлари, ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, рағбатлантириш ва жавобгарлик чоралари аниқ белгиланиши назарда тутилган.

Қонун лойиҳасига кўра, профилактика инспекторининг устувор мақсади аҳоли ишончининг юқори даражасига эришиш ва хизмат ҳудудида жиноятчиликни жиловлашдан иборат бўлади. У хизмат ҳудудида терговга қадар текширув ва профилактикани амалга оширувчи мансабдор шахс ҳисобланади.

Профилактика инспекторига фақат қонун билан белгиланган вазифалар юкланади. Унинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлади. 

Лойиҳага кўра, профилактика инспекторининг касбий фаолиятига аралашиш, унга тааллуқли бўлмаган топшириқлар ва асоссиз юкламалар бериш тақиқланади. 

Профилактика инспектори ҳуқуқбузарликлар профилактикаси турини мустақил равишда танлайди, мажбурий профилактик кўрсатмалар беради, тақдимнома киритади ва ижросини талаб қилади, ўзининг профилактик тадбирлар услубини ишлаб чиқади ҳамда ваколати доирасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштиради.

Шу билан бирга, профилактика инспектори зиммасига ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодексига қатъий риоя қилиш, ҳуқуқбузарликлар тўғрисида фуқароларнинг ҳар қандай шаклдаги мурожаатларини қабул қилиш ва тезкорлик билан муносабат билдириш, ҳуқуқбузарлик содир этилган жойга дарҳол етиб келиш ва текшириш, жабрланган фуқароларга биринчи тиббий ёки бошқа турдаги ёрдам кўрсатиш каби мажбуриятлар юклатилади.

Қонун лойиҳасида профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси ҳам кучайтирилмоқда. Ҳокимликларга уларни хизмат хонаси ва уй-жой билан таъминлаш мажбурияти юклатилиши, фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши, узоқ йил хизмат қилган ходимлар учун пенсия таъминоти бўйича қўшимча кафолатлар назарда тутилмоқда.

Профилактика инспекторларига қўшимча ваколатлар ҳам берилиши режалаштирилган. Жумладан, айрим маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий жазо қўллаш ваколати кенгайтирилади, айрим моддалар бўйича маъмурий огоҳлантириш жазосини қўллаш имконияти яратилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда йўл-патруль, патруль-пост ва қўриқлаш хизматларига ўзаро қўшимча ваколатлар берилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар