Имомали Раҳмон ҳақидаги гапларга аниқлик киритилди
Олам
−
06 Май 2020
27657Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг Германияга коронавирусдан даволаниш учун жўнаб кетгани ҳақидаги хабарлар нотўғри. Бу ҳақда Президентнинг маслаҳатчиси Абдужаббор Раҳмонзода маълум қилди.
“Шу кунларда, “аср вабоси“ га қарши биргаликда курашиш ва ғалаба қозониш учун ҳукумат атрофида бирлашиш керак бўлган пайтда Шарофиддин Гадоев (сургундаги тожик мухолифатининг вакили) ижтимоий тармоқларда ёлғон хабарларни тарқатмоқда. Хабарда гўё мамлакат Президенти коронавирус юқтирган ва чартер рейс билан Германияга юборилган. Бу хабарлар мутлақо асоссиз”, дейди Раҳмонзода.
Раҳмонни иш жойида эканлигига ишонтирар экан, Раҳмонзода, “давлат раҳбарини олиб кетишга“ келган махсус самолёт ҳақида маълумот бериб ўтди
“Мен аниқ айтишим керак, Гадоев айтиб ўтган Feniks Gulfstream G-III самолёти Тожикистон ҳукуматининг рухсати билан жорий йилнинг 3 май куни Германиядан гуманитар ёрдам юклари билан Душанбега келган“, дейди Раҳмонзода.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг коронавирусга чалингани ва Германияга махсус чартер рейс билан даволаниш учун учиб кетгани ҳақида хабарлар тарқалганди.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда илк коронавирус билан боғлиқ ҳолат жорий йилнинг 30 апрель куни қайд этилди. Шундан сўнг, ҳукумат талабаларни муддатдан олдин таътилга чиқарди. Шунингдек, мамлакат Президенти коронавирусга қарши курашиш учун ўз маошидан воз кечди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Тожикистонда коронавирус билан боғлиқ 293 та ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг 5 нафари вафот этган.
LiveБарчаси