Президентнинг янги саройини дубайликлар қуряпти. Жапаров қирғиз усталаридан нолиди

Олам

image

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров учун қурилаётган янги “Оқ уй” биноси сентябрь ойида якунланади, октябрда эса унда Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари раҳбарларининг саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Жапаров кеча, 18 июль куни Транспорт вазирлигига 265 дона янги махсус техника топшираётганда маълум қилди. 

Унинг эслатишича, бузиб ташланган “Иссиқкўл” меҳмонхонаси ўрнида Ҳукумат уйининг янги биноси қурилмоқда. 

“Сентябргача қурилишни якунлаш режамиз бор эди, октябрда МДҲ давлатларининг саммити бўлади. 12 та Президент келади. Уларни ҳукуматнинг янги биносида кутиб олишни мўлжаллаяпмиз”, дейди давлат раҳбари. 

Шунингдек, у ўз нутқида дангаса қирғиз ишчиларидан нолиган. Ҳукумат уйи биноси қурилишида дастлаб 500 нафар қирғизистонлик ишчи ишлаган, бироқ улар билан муаммолар юзага келган.

“Объектда 500 га яқин қирғизистонлик ишчи ишлаган. Улар кунига 8 соат ўрнига 5 соат ишлаган. Шанба куни, иш кунига қарамай, улар келмайдилар, душанба куни эса ғойиб бўлишлари мумкин. Улар ишлаган беш соатнинг бир соати тушликка, яна бир соати телефонга, бир соати эса чекиш учун танаффусга кетган. Чет элликлар бир кунда тугатадиган ишни биз бир ҳафтада бажара олмаймиз”, дея ёзғирган Садир Жапаров.

Президентнинг айтишича, умидсизлик ортидан янги сарой қурилишига Дубайдан келган 800  нафар ишчини ёллашга тўғри келган. 

Бу Қирғизистонда ҳокимият вакилининг ишчилардан нолиши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Оқилбек Жапаров янги “Оқ уй” қурилишига ишчилар етишмаслигидан шикоят қилган эди. 

2022 йилнинг 15 апрелида Бишкекдаги “Иссиқкўл” меҳмонхонаси ўрнида янги Президент саройид қурилишига старт берилди. Бинонинг умумий майдони 21 минг квадрат метрни ташкил этади. Объектнинг қиймати 35 миллион доллар. Аввалига ушбу бино қурилиши 2023 йилнинг 31 августигача тугаши ваъда қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Садир Жапаров

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг