Отабек Умаров Триатлон федерациясига раҳбар бўлди

Жамият

image

Бугун, 7 март куни Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон триатлон федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов Конференцияси бўлиб ўтди. Унда МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов, Ўзбекистон триатлон федерацияси раҳбарияти ва мутасаддилари, ҳакамлар, спортчилар иштирок этди. Бу ҳақда МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

Кун тартибидан ўрин олган энг асосий масала федерация раиси ва унга биринчи ўринбосар сайлаш жараёнига ўтилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси лавозимга Отабек Муҳаммадалиевич Умаров номзоди илгари сурилди. Конференция иштирокчилари бир овоздан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашларини маълум қилдилар. Шу тариқа, Отабек Умаров Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси лавозимига сайланди. Қолаверса, Отабек Умаровнинг биринчи ўринбосари лавозимига собиқ спортчи, триатлон бўйича кўплаб халқаро мусобақалар иштирокчиси, ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган Фаррух Носиров номзоди илгари сурилиб, бу инсон ҳам бир овоздан янги лавозимга сайланди.

“Менга мана шундай имконият берилганидан мамнунман. Юртимизда триатлон спортини ривожлантиришга, унинг оммавийлигини таъминлашга бор куч-ғайратимни ишга соламан. Юртимизда истеъдодли спортчилар кўп. Ўйлайманки, уларни саралаб олиб, жаҳон ареналарида муносиб иштирок этишлари ва совриндорлар қаторидан жой олишларида тажрибам ас қотади. Биз келажакда Токио Олимпиадасига йўлланма олибгина қолмасдан, совриндорлар қаторидан жой оладиган атлетлар тарбиялашга ваъда берамиз”, дейди Фаррух Носиров.

Йиғилиш давомида МОҚ раҳбари Умид Аҳмаджонов ҳам триатлон спортининг фаолиятига тўхталиб ўтди.

“Тан олиш керак, охирги пайтлар триатлон бўйича мақтангудек натижалар йўқ. Шу боис Олимпия ўйинлари дастурига киритилган ушбу спорт турини янада ривожлантириб, спортчиларнинг шуғулланишлари учун замонавий моддий-техник базани яратиб берамиз. Ўйлайманки, ушбу спорт тури бўйича келажакда жаҳон ареналарида муносиб иштирок этадиган атлетлар етишиб чиқади”, деди Умид Аҳмаджонов.

Шунингдек, конференция давомида МОҚ Бош котиби Жасур Матчанов, триатлон бўйича Осиё кубоги кумуш медали соҳиби Шоҳруҳ Юнусов сўзга чиқиб ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтди.

Шу тариқа, Ўзбекистон триатлон федерациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси ўз ишини якунлади.

Маълумот учун, Отабек Умаров Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг турмуш ўртоғидир. Шаҳноза Мирзиёева бугунги кунда Мактабгача таълим вазирлигида фаолият олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Умаров триатлон

Баҳолаганлар

115

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг