Президентнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари белгиланяпти
Жамият
−
27 Май 2020
6141Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди. Қайд этилишича, Қонуннинг мақсади давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ушбу қонун Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Олий Мажлис Сенати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатлари ҳамда судьялардан ташқари барча Ўзбекистон Республикаси давлат фуқаролик хизматчиларига татбиқ этилади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, мудофаа, давлат хавфсизлиги органларида, дипломатик, божхона, солиқ ва қутқарув хизматида хизмат ўтаётган давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми алоҳида қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.
Бош вазирнинг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳқамасининг аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва аъзолари, ҳокимларнинг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланади. Мазкур Қонун юқорида санаб ўтилган қонун ҳужжатлари томонидан тартибга солинмаган қисмларга нисбатан қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ходимларининг ҳуқуқий мақоми Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан белгиланади. Мазкур Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари томонидан тартибга солинмаган қисмларга нисбатан қўлланилади.
Давлат органларига ишлашга таклиф этилган хорижий мутахассисларнинг ҳуқуқий мақоми контракт асосида белгиланади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат органлари ва ташкилотларининг ёрдамчи (техник ва хизмат) лавозимидаги ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг ташкилий тузилмасига кирувчи тижорат ташкилотлари ходимларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Қонуннинг 6-моддаси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари белгиланяпти.
Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти:
• давлат фуқаролик хизматини янада такомиллаштириш ва ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилайди;
• давлат фуқаролик хизмати масалалари бўйича ваколатли органни шакллантиради, унинг фаолияти вазифалари, функциялари ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини белгилайди;
• давлат фуқаролик хизмати ишлари бўйича ваколатли органнинг раҳбарини лавозимга тайинлайди ва ундан озод қилади;
• Ўзбекистон Республикаси Президентининг номенклатурасига киритилган давлат лавозимларидан иборат давлат хизматчиларини лавозимига тайинлайди ва ундан озод қилади;
• қонун билан белгиланган бошқа ваколатларни амалга оширади.
• Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси номенклатурасига киритилган давлат лавозимларидан иборат давлат хизматчилари реестри Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан олиб борилади.
Қонун лойиҳаси 11 боб ва 75 моддадан иборат. Лойиҳа 6 июнга қадар муҳокама қилинади.
LiveБарчаси