Президент “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” танлови ғолибларини табриклади

Жамият

image

Бугун, 8 август куни Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Ўзбекистон бунёдкорлари” касбий маҳорат миллий танловида эришган ютуқлари билан ғолиб ва совриндорларни табриклади. Бу ҳақда мамлакат етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.

Президент табригида ёшларнинг касбий маҳорат, замонавий билим ва технологияларни эгаллаши мамлакат тараққиёти учун муҳим экани таъкидланган.

Мамлакатда Президент соврини учун илк бор ўтказилган мазкур миллий танлов Ватаннинг шиддатли тараққиёти, ҳаётга кириб келаётган рақамли иқтисодиёт ва замонавий корхоналар учун ўз ишининг устаси бўлган, рақобатбардош касб эгаларини тайёрлаш ва рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.

“Касб-ҳунар сирларини чуқур эгаллаган, пухта билим ва юқори кўникмага эга, ўз соҳасида янгилик ярата оладиган сизлар каби навқирон ёшларимизнинг бугунги эришган натижалари бу қароримиз нақадар тўғри бўлганини яна бир бор тасдиқламоқда”, дейилади табрикда.

Қайд этилишича, уч босқичда ўтказилган танловнинг дастлабки – туман ва шаҳар босқичида 124 минг нафардан зиёд ёш ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этган. Ҳудудий босқичда эса қарийб 7 минг нафар иштирокчи қатнашган бўлиб, уларнинг 3 минг 500 нафари ўзини ўзи банд қилган маҳалла ёшларидан иборат бўлган.

Танлов кўплаб мактаб битирувчиларининг ҳаётида ҳам янги имкониятлар очган. Жумладан, 22 минг нафар йигит-қиз учун ишлаш, таълим олиш ёки меҳнат бозорида ўз ўрнини топиш имконияти яратилган.

Маҳаллий корхона ва ташкилотлар томонидан бўш иш ўринлари тақдимоти ўтказилиб, зарур касбий билим ва маҳоратга эга бўлса-да, ҳозирча иш тополмай юрган қарийб 8 минг 900 нафар иштирокчига ишлаш учун йўлланмалар берилган. Таълим олиш истагини билдирган 4 минг 470 нафар иштирокчи техникумларда ўқиш учун тавсия этилган.

Чет элда ишлашни режалаштираётган салкам 8 минг 340 нафар ёш эса хорижий иш берувчилар томонидан ўтказиладиган танловларга йўналтирилган.

Танлов якунига кўра, 10 та касб йўналишида энг юқори натижага эришган 120 нафар иштирокчи ғолиб ва совриндор деб топилган. Президент уларни чин дилдан табриклаб, ғолибларга таянч бўлиб турган устозлар, ота-оналар, ишлаб чиқариш таълими усталари, амалий машғулот раҳбарлари ва экспертларга миннатдорлик билдирган.

Шунингдек, танловни юқори савияда ташкил этишга ҳисса қўшган вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, маҳаллалар, иш берувчи корхоналар, ҳомий ва ҳамкор ташкилотларга ҳам ташаккур айтилган.

Энди танлов ғолиблари ва юқори натижа кўрсатган иштирокчилар орасидан Ўзбекистон терма жамоасини шакллантириш ва уларни касб-ҳунар бўйича “WorldSkills International” халқаро танловида муносиб иштирок этиши учун тайёрлаш вазифаси белгиланган.

“Шу мақсадда энг кучли маҳаллий ва хорижий мутахассисларни жалб этамиз, жамоани замонавий ускуналар, ўқув-машқ базаси билан таъминлаб, барча зарур шароитларни яратиб берамиз”, дейилади Президент табригида.

Шавкат Мирзиёев ёшларни дунёдаги энг кучли тенгдошлари билан муносиб беллашиб, нуфузли касбий маҳорат мусобақасида Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга чақирган.

Президент, шунингдек, Ўзбекистон тарихидаги гўзал цивилизация намуналарини яратган усталар, меъморлар ва моҳир ҳунармандларнинг бой мероси ёшларга куч ва илҳом беришини таъкидлаган.

“Мен бутун Ўзбекистон ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: халқимизнинг сизларга бўлган юксак ишончини оқлаш учун доимо изланинг, янги билим ҳамда технологияларни эгалланг, хорижий тилларни ўрганинг ва касбингиз бўйича энг илғор мутахассис бўлиб етишинг!”, деган Шавкат Мирзиёев.

Табрикда ёшликда олинган таълим ва малака келажакдаги улкан ютуқлар пойдевори экани қайд этилиб, ёшлар ўз меҳнати, билими ва кўникмалари билан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшишига ишонч билдирилган.

“Сизлар ўз меҳнатингиз, билим ва кўникмаларингиз билан нафақат оилангиз ва жамоангиз, балки жонажон мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшасиз, Янги Ўзбекистонни бунёд этадиган олтин авлод бўлиб, унинг шуҳратини дунёга тараннум этасиз деб ишонаман”, дейилади Президент табригида.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг