Президент янги қонунни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Кредиторларни ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш кучайтирилиши ҳамда тадбиркорлик фаолиятини молиялаштириш механизмлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини имзолади.

Қонун 14 та моддадан иборат бўлиб, мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик кодекси, Иктисодий процессуал кодекси, Фуқаролик процессуал кодекси, Солиқ кодекси, Божхона кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг “Лизинг тўғрисида”, “Гаров тўғрисида”, “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”, “Банкротлик тўғрисида”, “Ипотека тўғрисида”ги қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Мазкур Қонун мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва юритишдаги ишончини мустаҳкамлаш, тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни рағбатлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бундан ташқари, гаров бозорининг шаффофлигига ижобий таъсир кўрсатиб, унинг ривожланишига хизмат қилади.

Марказий банкнинг таъкидлашича, мазкур қонун долзарб масалаларни ечишга қаратилган муҳим қадам хисобланади. Хусусан:

Энг илғор халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда, мулкни гаровга қўйиш, лизинг ва мажбуриятларни таъминлашнинг бошқа турларининг амалдаги механизмларини такомиллаштириш, таъминотли операцияларда гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратишга оид талабларни унификация қилиш орқали кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиради ва шу орқали молия бозорининг кескин ривожланишига олиб келади.

Бунда Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуни талабларига қўшимча равишда, гаров реестрига ёзувни киритиш вақти қарздорнинг ўз мажбуриятларини бажармаган ҳолларда ва бошқа талабларни қаноатлантиришда қарздорнинг мол-мулкига ундирувни қаратиш жараёнидаги навбатни ҳамда кредиторнинг бошқа кредитор ва учинчи шахслардан имтиёзли ҳуқуқини белгилаш учун асос бўлишига доир қоидалар киритилмоқда.

Айни пайтда, гаров, лизинг, тўловни бўлиб-бўлиб тўлаш ва/ёки мулк ҳуқуқини бермаслик шарти билан олди-сотди, ижара, топшириқ, воситачилик ва ишончли бошқарув муносабатлари предметига ундирувни қаратиш тартибининг ягона механизмини белгиловчи нормалар киритилмоқда. Мол-мулк у ёки бу битимда таъминот предмети сифатида бўлганда, бу таъминот предметининг гаров сифатида қабул қилиниши, таъминотга нисбатан ҳуқуқий муносабатлардаги функционал ёндашувнинг асосларини яратади.

Шу билан бирга, гаров предметини умумий тавсифлаш асосида гаров ҳамда у билан таъминланаётган мажбуриятни белгилаш, мулкни навбатдаги гаровга бериш бўйича чекловларни бартараф этиш, гаровга қўйиш тартиб-таомиллари соддалаштирилмоқда.

Ундирувга қаратиш учун асослар вужудга келганда гаров предметига эгалик қилиш ҳуқуқини кредиторга бериш асосида ундирувга қаратиш тартибини соддалаштиришга, бу ҳуқуқни тезкор равишда ҳимоя қилиш – гаров предметига ундирувни суд буйруғи тартибида қаратишга оид ўзгартиришлар киритилмоқда. Тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш, ижарага, лизингга ёки қонунчиликда тақиқланмаган бошқа усуллар орқали гаров предметини реализация қилиш белгиланмоқда.

Мазкур Қонун тадбиркорлик муҳитини яхшилашга, аҳоли ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга ҳамда республиканинг ҳалқаро рейтингини оширишга хизмат қилади.

Натижада:

биринчидан, кўчар мулкларнинг таъминот бозорига жадал кириб бориши ҳисобига тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш учун шароит яратади;

иккинчидан, гаров реестри орқали таъминотлар бозорининг шаффофлигига олиб келади ва барча бозор иштирокчилари ўз хавф-хатарларини туғри ва оқилона баҳолашига йўл очиб беради;

учинчидан, кўчар мулклар иштирокида молиявий бозор янада ривожланиб, унда фақатгина банклар асосий иштирокчи сифатида эмас, балки бошқа профессионал иштирокчиларнинг пайдо бўлишига ёрдам беради;

тўртинчидан, чет-эл инвесторлари мазкур яратилаётган тизим орқали миллий иқтисодиётга бўлган ишончи ортиб боради ва ўз бизнесини ва маҳаллий ҳамкорлар билан бўладиган муносабатларда ўз хатарларини бошқариш инструментлари яратилади ҳамда улар инвестиция киритиш бўйича қабул қиладиган қарорларининг муддатлари сезиларли даражада қисқартирилишига хизмат килади;

бешинчидан, ажратиладиган кредитлар, микрокредитлар ва бошқа қарз мажбуриятларининг операцион харажатлари кескин камайган ҳолда кредитларнинг риск фоизларининг пасайишига олиб келади.

Шу билан бирга, мазкур Қонун республикада ишбилармонлик ва инвестицион муҳитни яхшилашга хизмат қилиб, натижада Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг “Бизнес юритиш” йиллик ҳисоботи Кредит олиш индекси бўйича Ўзбекистоннинг ўрни сезиларли даражада кўтарилишига асос бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

қонун кредитор

Баҳолаганлар

50

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг