Президент Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантиришга кўрсатма берди
Жамият
−
14 Апрель 2022
6794Бугун, 14 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ахборот технологиялари ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда соҳада 2022 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда мамлакатни минтақавий IT марказига айлантириш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Мирзиёевга кўра, IT соҳаси ривожланмаса, бошқа бирор-бир тармоқ олдинга юрмайди. Ўзбекистонни минтақавий IT марказига айлантириш учун қуйидагиларни амалга ошириш зарур:
• IT экспортини йил якунига қадар камида 100 миллион долларга етказиш;
• ички IT хизматлари ҳажмини йилига камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш;
• жорий йилда қолган 6 та ҳудудда ҳам IT-паркларни тўлиқ ишга тушириш ва малакали кадрлар таъминлаш, қолганларида камида 20 тадан компаниялар фаолиятини йўлга қўйиш ва 5 минг нафар ёшларни юқори даромадли иш билан таъминлаш.
Президентнинг таъкидлашича, эндиликда Ахборот технологиялари вазирлиги раҳбарияти ҳар ҳафта туманга, қишлоққа, маҳаллага, корхоналарга бориб, жойлардаги муаммоларни ўрганади ва ҳал этиб боради.
“Ахборот технологиялари вазирлиги нафақат ўз таркибидаги корхоналар билан, балки барча тармоқ ва ҳудудларда рақамлаштириш ва ахборот технологиялари билан бевосита шуғулланиши шарт”, дейди Президент.
Шерзод Асадовга кўра, йиғилишда жаҳон IT бозорига чиққан камида 30 та йирик компанияларни мамлакатда фаолиятини йўлга қўйиш муҳимлиги айтилган. Энг оғир ҳудудлар - Қорақалпоғистон, Андижон ва Сурхондарёда ахборот технологияларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Икки ой муддатда хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда амалий лойиҳалар орқали 1 минг нафар ёшларнинг IT-паркларда малакасини ошириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилган.
“Йил бошидан хориждан 3 мингга яқин IT мутахассислар келган бўлиб, уларнинг асосий қисми шу ерда узоқ муддат қолиб ишлашни режа қилганлиги таъкидланди”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси