Президент транспорт харажатларининг юқорилигини танқид қилди

Жамият

image

Ўзбекистонда транспорт харажатларининг юқорилиги хорижий туристларни жалб қилишда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда бугун, 26 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини янада ривожлантириш, ички туризм бозорини кенгайтириш, туризм объектларини кўпайтириш ҳамда музейлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан бўлиб ўтган йиғилишда сўз юритди.

Мирзиёевга кўра, сифатли транспорт-логистика хизматлари йўлга қўйилмаса, туризмни ривожлантириб бўлмайди. Транспорт харажатларининг юқорилиги эса хорижий туристларни жалб қилишда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда.

Йиғилишда ҳалигача халқаро ва маҳаллий йўналишларда лоукостерлар фаолияти самарали йўлга қўйилмагани, замонавий “Афросиёб” поездига чипта олиш учун бир неча ҳафта олдин мурожаат қилиш зарурлиги танқид қилинди.

Шу боис Транспорт вазирлигига бир ой муддатда:

•  Фарғона-Бухоро-Фарғона, Фарғона-Урганч-Фарғона йўналишида авиақатновларни; 

•  Бухоро-Самарқанд, Бухоро-Хива, Бухоро-Термиз йўналишлари бўйича замонавий автобус ва микроавтобуслар қатновини йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон темир йўллари” бир ой муддатда “Афросиёб” тез юрар поездини Шаҳрисабзгача ҳаракатини қайта тиклайди. Мутасаддилар 1 сентябрга қадар ҳар куни 2 мингдан зиёд сайёҳларга тарихий масканларни айланиб чиқиш имконини берадиган 2 қаватли мунтазам туристик автобуслар қатновини йўлга қўяди.

Бундан ташқари, йиғилишда хорижий ва ички сайёҳларнинг авиақатновларга бўлган талабини қондириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилди. Жумладан:

•  1 июлдан “Зиёрат туризми” дастури доирасида хорижий авиакомпанияларга кўрсатиладиган хизматларга 50 фоизгача чегирмалар жорий қилинади;

•  йил якунигача маҳаллий авиақатновлар сони ҳафтасига 48 тадан 60 тага, туташувчи қатновлар сони 4 тадан 6 тага етказилади;

•  1 октябрга қадар маҳаллий авиақатновларга мўлжалланган янги “Силк авиа” авиакомпанияси ташкил этилади;

•  авиаташиш харажатларини камайтириш мақсадида 9 та самолёт тўлиқ эконом-классга ўтказилади (бунда тарифлар 20 фоизга арзонлашади).

Туризм ва Транспорт вазирликларига бир ой муддатда туризм соҳасида транспорт инфратузилмасини яхшилаш концепциясини тақдимот қилиш бўйича кўрсатма берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

225

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг