Президент тиббиёт олийгоҳлари талабалари учун 10 дан ортиқ янгиликларни эълон қилди

Жамият

image

Бугунги кунда Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида 8 мингга яқин тор соҳадаги мутахассислар ҳамда бирламчи тиббиёт муассасаларида 3 мингдан зиёд оилавий шифокорлар етишмайди. Айниқса, Сурхондарё (2 минг нафар), Тошкент (1,5 минг нафар), Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (минг нафардан) шифокорларга эҳтиёж анча юқори. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида маълум қилди. 

Давлат раҳбарининг қайд этишича, тизимдаги шифокорларнинг 45 фоизи, ҳамшираларнинг эса, 40 фоизи малака тоифасига эга эмас. Шифокорларни малака ошириш курслари билан қамров даражаси бор-йўғи 25 фоизни ташкил этади.

Мавжуд аҳволни ўнглаш учун, тиббиёт муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлаш бўйича, янги тизим жорий этилади.

Бунинг учун, 2022-2023 ўқув йилидан:

•    тиббиёт олийгоҳларига давлат грантлари асосида қабул квоталари, ҳудудларда шифокорларга бўлган ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиқиб, мақсадли ошириб борилади;

•    фтизиатрия, гематология, нефрология, пульмонология, психиатрия, шошилинч тиббий ёрдам, лаборатория иши, юқумли касалликлар каби 15 та тор соҳадаги мутахассислик бўйича магистратурага давлат грантлари 4 бараварга оширилади;

•    11 та тиббиёт олийгоҳида олти ойлик ихтисослашган курслар ташкил этилиб, ҳар йили 500 нафардан оилавий шифокорни ҳудудлардаги энг зарур тор соҳа мутахассислиги бўйича мақсадли ўқитиш дастури амалга оширилади.

Шунингдек, бакалавриат, магистратура ва клиник ординатура таълим тизими такомиллаштирилади.

Хусусан:

•    битирувчиларга қўйиладиган малака талаблари, эҳтиёж юқори бўлган муҳим йўналишлар бўйича, қайта кўриб чиқилади;

•    ўқув режалари ва дастурлар, талабаларнинг билимини баҳолаш тизими халқаро стандартларга мослаштирилади;

•    11 та тиббиёт олийгоҳида алоҳида ўқув марказлари ташкил этилиб, улар замонавий Симуляторлар билан жиҳозланади. Бунинг учун, 250 миллиард сўм йўналтирилади.

Бундан ташқари, тиббиёт олийгоҳларининг магистратура босқичида ва бакалавриатнинг 5–6-курсларида ўқиётган талабаларга, йўлланма асосида, бирламчи ва тез ёрдам тизимида шифокор бўлиб ишлашга рухсат берилади.

Бу орқали, ҳар йили 7 мингга яқин талаба муносиб иш ҳақи олиб, таълимни амалиёт билан бирга олиб бориш имконига эга бўлади.

Амалиёт даврида йўналишини ўзгартиришга қарор қилган талабаларга, ўқишни бошқа турдош  мутахассисликлар бўйича давом эттиришга рухсат берилади. 

“Шу билан бирга, соҳа учун илғор медицинани чуқур тушунадиган, ахборот технологиялари ва чет тилларини яхши биладиган, бошқарув қобилиятига эга бўлган замонавий тиббиёт менежерларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратамиз”, дейди Президент.

Яна бир муҳим масала – хориждан нуфузли мутахассислар жалб қилиниб, тиббиёт соҳасида малака ошириш тизими мутлақо янги ёндашувлар асосида тўлиқ ўзгаради.

Бунда, 11 та тиббиёт олийгоҳида малака ошириш ва қайта тайёрлаш факультетлари, 23 та ихтисослашган марказларда махсус ўқув курслари ташкил этилади.

Шунингдек, йирик ва нуфузли хусусий шифохоналарда тиббиёт олийгоҳларининг клиник базалари ташкил этилиб, уларга ҳам шифокор ва ҳамширалар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлашга рухсат берилади.

Шу муносабат билан Республика тиббий ходимлар касбий малакасини ривожлантириш ҳамда Ўрта тиббиёт ходимлари малакасини ошириш марказлари фаолияти тўлиқ қайта кўриб чиқилади. 

Бу ташкилотлар энди фақат замонавий методикаларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш билан шуғулланади.

Шу билан бирга, шифокорларнинг малака тоифасини олиш муддатлари қайта кўриб чиқилади. Бунда, тоифасиз ходимларга талаб этиладиган иш стажлари 5 йилдан 3 йилга, биринчи тоифага – 7 йилдан 5 йилга, олий тоифага – 10 йилдан 7 йилга қисқаради.

“Айтиш жоизки, бизда ҳамшира деганда, кўз олдимизга фақат “укол” қилишни биладиган тиббиёт ходимлари келади. Лекин, соғлиқни сақлаш тизими ривожланган мамлакатларда эса, ўрта тиббиёт ходимларининг билим даражаси, малакаси ва масъулияти врачлардан кам эмас. Бизда эса, ҳамма масъулият шифокорлар зиммасида қолиб кетган. Шу боис, тизимда врачлар етишмайди. Ўрта тиббиёт ходимлари сони эса, эҳтиёждан ортиқ даражада, яъни сони кўп, хизмат сифати паст”, дейди Президент.

Қайд этилишича, жорий йилда 20 минг нафар, 2023 йилда 34 минг нафар ёшлар тиббиёт коллежи ва техникумларини тугатади. Лекин, соҳада ўрта тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж, йилига ўртача 10 минг нафарни ташкил этади, холос.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

205

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг