Президент темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш бўйича танқидий йиғилиш ўтказяпти

Жамият

image

Бугун, 25 сентябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳузурида темир йўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар юзасидан йиғилиш бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Мажлисда сўнгги етти йилда мамлакатда саноат корхоналари сони 2,7 бараварга ошиб, 110 мингтага етгани, 2 мингдан зиёд турдаги янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани, саноат ҳажми 1,5 бараварга ошгани қайд этилган. 

Экспорт ҳажми 1,6 баробар кўпайиб, ўтган йили 19 миллиард долларга етди. Булар ҳисобига мамлакатда юк айланмаси 30 фоизга ошган. Айниқса, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти, Самарқанд ва водий вилоятларига юк ташиш 1,5 баравар кўпайган.

Шу билан бирга, халқаро майдондаги вазият ҳисобига транспорт-логистика харажатлари бир неча баробар ошиб кетган. Ўзбекистон каби дунё океанларига тўғридан-тўғри чиқиш имкони йўқ мамлакатлар учун энг қулай ва арзон транспорт бу – темир йўл ҳисобланади.

“Лекин, ҳозир ички бозорда маҳсулотнинг атиги 5 фоизи, экспортда эса 45 фоизи темир йўл орқали ташилмоқда. Яъни, темир йўл компанияси автомобилда юк ташиш билан рақобат қила олмаяпти”, дейди Мирзиёев.

Йиғилишда темир йўл соҳасидаги ислоҳотлар суръати иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган янгиланишлардан ортда қолаётгани, бу соҳада ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш вақти келгани таъкидланган.

Қайд этилишича, бундан икки ой аввал соҳага янги раҳбар тайинланган. Тизимда эскича фикрлайдиган, ташаббус билдирмайдиган 30 га яқин раҳбар янгиланган. Самарасиз штатлар қисқартирилган.

Президент топшириғига кўра, 191 та темир йўл станциясига борилиб, улардаги ҳақиқий аҳвол таҳлил қилинган. 500 дан зиёд тадбиркорлар билан учрашув ташкил қилинган. 

Ушбу тадбирлар натижасида соҳада ҳал қилиниши керак бўлган асосий муаммолар аниқланиб, уларнинг ечимлари белгилаб олинган.

“Айрим темир йўл корхоналари рентабеллиги паст, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтож, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмаган, билет сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳолимиз норози. Буларнинг барчаси соҳани ислоҳ қилиш заруриятини кўрсатмоқда”, деган Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев темир йўл танқидий йиғилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг