Президент Танзила Норбоевани орден билан мукофотлади

Жамият

image

Бугун, 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Камоловна Норбоева “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти тегишли фармонни имзолади.

Унга кўра, Танзила Норбоева давлат ва жамият бошқаруви соҳасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, Янги Ўзбекистонда парламент фаолиятини ривожлантириш, демократик ислоҳотларни изчил амалга ошириш борасидаги алоҳида хизматлари, жонкуяр ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар сифатидаги бой билим ва тажрибаси, ватанпарварлик фазилатлари билан миллий давлатчиликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, мамлакатда инсон қадрини улуғлаш, аёлларнинг ўрни ва нуфузини юксалтиришга қаратилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга катта ҳисса қўшиб, халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор қозониб келаётгани, ёш авлодни ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли фаолияти, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаол иштироки, шунингдек, таваллудининг 70 йиллиги муносабати билан “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.

Маълумот учун, Танзила Норбоева 1956 йил 24 июлда Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1981 йилда Тошкент давлат университетини битирган. Педагогика фанлари номзоди илмий даражасига эга. Иш фаолиятини 1974 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаган. 1975-1995 йилларда Тошкент шаҳрида мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражалидаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган. 1995-2010 йиллари Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари котибияти мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари котибияти мудири, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларида ишлаган.

2010-2016 йиллари Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши раиси лавозимида ишлаган. 2016-2019 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият кўрсатган. 2019 йил 20 июнда Ўзбекистон Президенти томонидан Олий Мажлис Сенатининг аъзоси этиб тайинланган. 21 июнь куни Сенат раиси этиб сайланган. Фидокорона хизматлари учун, Меҳнат шуҳрати орденлари ва Шуҳрат медали билан билан тақдирланган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг