Президент талабага автомобиль совға қилди
Жамият
−
25 Май 2019
9872Кеча, 24 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олмазор туманига қилган ташрифи чоғида, ЎзМУда олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашгани ҳақида хабар берган эдик.
Учрашувда ЎзМУ математика факультети 4-курс талабаси Сардор Бозорбоев сўзга чиқиб, ўз тажрибасидан келиб чиқиб, С.Сирожиддинов номидаги академик лицейи ўқувчиларини математика фанидан халқаро олимпидага тайёрлаётгани, ўқувчилари Россияда бўлиб ўтган олимпиадаларда муносиб иштирок этгани ҳақида гапириб берди. Президент талабанинг иштиёқи, ташаббускорлиги ва Ватан равнақи йўлидаги фидойилиги учун “Ўзавтосаноат” АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умирзоқовга Сардор Бозорбоев учун автомобиль ажратиш бўйича кўрсатма берди.
Шавкат Мирзиёев Халқ таълими вазирлигига талаба билан ҳамкорлик қилиш, ўқувчиларни халқаро олимпиадага тайёрлашда унинг тажрибасидан фойдаланиш, меҳнатларини муносиб рағбатлантириб боришни тавсия қилди.
Маълумот учун, Сардор Бозорбоев 2015-2018 йилларда математика фанидан республика ва халқаро миқёсидаги ўтказилган олимпиада ва мусобақалар совриндори, “Йил талабаси - 2018” танлови ғолиби, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби (2017) бўлган.