Президент суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйишни буюрди

Жамият

image

Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар берди. Бу ҳақда бугун, 7 сентябрь куни Президентнинг аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан таклифлар тақдимоти билан танишиши чоғида сўз борди.

Қайд этилишича, тақдимотда суюлтирилган газ ресурслари ва тақсимоти баланси, амалдаги етказиб бериш тизими, нарх шаклланиши, субсидиялар ва аҳолига таъсири таҳлил қилинган.

Маълумотларга кўра, республикада 3,8 миллионга яқин аҳоли ҳамда қарийб 2 мингта ижтимоий соҳа объекти суюлтирилган газ билан таъминланади. Жорий йилда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектлари эҳтиёжи учун 604,8 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш кўзда тутилган.

Амалдаги тизимда қатор муаммолар сақланиб қолаётгани кўрсатиб ўтилган. Айрим ҳудудларда суюлтирилган газ истеъмолчиларга белгиланган муддатда етиб бормаяпти. Натижада аҳоли қўшимча эҳтиёжини автомобилларга газ қуйиш шохобчаларидан бозор нархларида харид қилишга мажбур бўлмоқда.

Таҳлилларга кўра, суюлтирилган газни 46 кундан ортиқ муддатда олаётган истеъмолчиларнинг улуши 22 фоизни ташкил этади. Бундай ҳолатда айрим оилаларнинг бир ойлик харажати амалдаги белгиланган нархдан бир неча баробар юқори бўлмоқда.

Мавжуд тартибда суюлтирилган газ аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига имтиёзли нархларда етказиб берилмоқда. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш, импорт, харид ва етказиб бериш харажатлари ўртасидаги тафовут йилдан йилга ортиб, бюджетдан ажратиладиган субсидияларга талаб кўпаймоқда.

Давлат раҳбари айни масалада энг аввало аҳоли манфаати устувор бўлиши зарурлигини таъкидлаган. Суюлтирилган газ одамларга ўз вақтида етиб бориши, таъминотда узилишларга йўл қўйилмаслиги ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар қўллаб-қувватланиши лозимлиги қайд этилган.

Шу мақсадда суюлтирилган газ таъминоти тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

Аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш тизимини қайта ташкил этиш мақсадида “Ҳудудгазтаъминот” таъсисчилигида “LPG-Trade” масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Ушбу тузилма суюлтирилган газни биржа орқали харид қилиб, белгиланган тартибда одамларга етказиб бериш билан шуғулланади.

Шу боис, суюлтирилган газнинг чакана нархини белгилашда иқтисодий асосланган механизмларнинг самарали ишлаши таъминланади. Бунда ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга харид қилинган суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун компенсация тўланиши белгиланади.

Бу орқали нарх сиёсати босқичма-босқич тартибга солиниб, эҳтиёжманд оилалар учун манзилли қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилади. Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар умумий субсидия ўрнига аниқ истеъмолчига йўналтирилиши тизимнинг адолатлилиги ва самарадорлигини оширади.

Ижтимоий соҳа объектларининг эҳтиёжлари учун суюлтирилган газни биржа нархларида етказиб бериш, аҳолига белгиланган нархда сотиш натижасида юзага келадиган салбий тафовутни республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тартиби ҳам кўзда тутилмоқда.

Хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Андижон вилоятида суюлтирилган газ етказиб бериш жараёнига хусусий операторларни жалб этиш бўйича пилот лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган.

Мазкур жараёнда операторларда зарур лицензия ва рухсатномалар, малакали муҳандис-техник ходимлар бўлиши, хизматлар камида икки оператор томонидан амалга оширилиши, истеъмолчилар учун мобил илова ва онлайн хизматлар йўлга қўйилиши белгиланган. Истеъмолчилар сони ва ҳудудий масофалардан келиб чиқиб, шаҳарсозлик нормалари ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган шохобчалар ташкил этилиши кўзда тутилган.

Ушбу тажрибани кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам босқичма-босқич жорий этиш имконияти кўриб чиқилади.

Президент ислоҳотларни пухта ҳисоб-китоб асосида, аҳоли учун қулайлик ва ижтимоий адолат тамойилларини таъминлаган ҳолда амалга ошириш зарурлигини таъкидлаган.

Мутасаддиларга суюлтирилган газ етказиб бериш графигини қатъий йўлга қўйиш, ҳисоб-китобларни рақамлаштириш, тақсимотда шаффофликни таъминлаш, сунъий тақчиллик ва асоссиз нарх ошишининг олдини олиш бўйича топшириқлар берилган.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлар учун компенсацияларни ўз вақтида тўлаш, газ тўлдириш иншоотлари ва ташиш жараёнида хавфсизлик талабларига қатъий риоя этиш, хусусий операторлар фаолияти устидан самарали назорат ўрнатиш вазифалари белгиланган.

Ислоҳотлар натижасида суюлтирилган газ таъминотида шаффоф ва барқарор тизим шаклланиши, етказиб бериш муддатлари қисқариши, аҳоли учун хизмат сифати ошиши ҳамда бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш таъминланиши таъкидланган.

Шунингдек, тақдимотда Жиззах вилоятида барпо этилаётган интеграциялашган атом электр станциясининг ташқи инфратузилмаси ва унга ёндош шаҳарча қуриш юзасидан 2 сентябрь куни берилган қўшимча топшириқлар ижросининг бориши тўғрисида ахборот берилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг