Президент Сурхондарё ҳокимларига муҳим топшириқ берди
Жамият
−
27 Февраль 4449 2 дақиқа
Сурхондарё вилояти ҳокими, туман ҳокимлари олдида жорий йилда инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси турибди. Бу ҳақда бугун, 27 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилишда сўз борди.
Йиғилишда ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработни “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш муҳим экани таъкидланган.
Вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етган. Лекин бу ҳали ҳам камлиги қайд этилган.
Вилоятда 100 миллион тонна кўмир захираси бўлгани билан йилига атиги 1 фоизи қазиб олиняпти. Жорий йилда Бойсундаги “Санжар”, Олтинсойдаги “Оқсув”, келаси йил “Фангарт” конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилган.
Жанубий Африканинг “Сосол” компанияси кўмирдан полипропилен, полиетилен ва каучук ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. Сариосиёдаги “Қоракон”, “Жемсонит”, “Чуқур”, “Байрам-1” конларига ҳам хитойлик инвесторлар 1 миллиард доллар киритишга тайёр.
Умуман, мазкур захиралар – электротехника, қурилиш материаллари, кимё, металлургия, автомобилсозлик тармоқлари учун тайёр хомашё базаси. Бу конлар атрофида саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилган.
Бойсундаги “Безактоп” конида сифати Эрон, Туркия, Италия билан рақобатлаша оладиган табиий тош захиралари ўрганилмай турибди. Бундай тошлар захираси бўлган конларда геология ишларини бошлашга кўрсатма берилган.
Live
Барчаси