Президент сўнгги 5 йилда Қорқалпоғистонга қанча маблағ йўналтирилганини айтди 

Жамият

image

Охирги беш йилда Қорақалпоғистоннинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 3 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда маълум қилди. 

“Маълумки, кейинги йилларда биз сизлар билан биргаликда Қорақалпоғистонни ижтимоий, иқтисодий, маданий ва инновацион жиҳатдан ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларини амалга оширдик. Уларнинг амалий натижаларини ушбу диёрда яшаётган ҳар бир инсон бугун ўз ҳаётида ҳис этмоқда. 

Охирги беш йилда ҳудуднинг маҳаллий бюджетига қарийб 11 триллион сўм маблағ йўналтирилди. Аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича муҳим дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Камбағалликни қисқартириш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “темир дафтар”га киритилган  65 мингга яқин оилага, 16 ёшгача болаликдан ногирон аъзоси бўлган ҳамда боқувчисини йўқотган 17 минг оилага моддий ёрдам кўрсатилди”, дейди Президент. 

Мирзиёевнинг қайд этишича, биргина 2020 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи даромад 3 баробарга ошган. 

Шунингдек, сўнгги беш йилда қурилиш ишлари ҳажми 3,5 марта ўсган. Ўнлаб янги ишлаб чиқариш қувватлари, замонавий агрокластерлар, қўшма корхоналар ишга туширилди. Республикада минглаб янги объектлар барпо этилган, реконструкция қилинди ва таъмирланди. Жумладан, кўплаб болалар боғчалари, умумтаълим ва ихтисослашган мактаблар, олийгоҳлар, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт масканлари фойдаланишга топширилган. 

Боғча ёшидаги болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 32 фоиздан 75 фоизга етган. 

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида Қорақалпоғистон Республикасида ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, аҳолини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация тармоқлари ҳолатини яхшилаш бўйича кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда. 

“Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини ҳимоя қилиш ва тиклаш, ҳудудни барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича ҳам фаол иш олиб борилмоқда. Хусусан, бир пайтлар ночор аҳволга тушиб қолган Мўйноқ бугун бутунлай янгича қиёфа касб этиб, жадал ривожланиб бораётган замонавий туманлардан бирига айланди", дейди давлат раҳбари.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

369

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг