Президент соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини табриклади
Жамият
−
20:03 1029 4 дақиқа
Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимларини касб байрами билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ушбу қутлуғ айёмда ўз ҳаётини инсон саломатлигини асрашдек олижаноб ишга бағишлаган соғлиқни сақлаш соҳасининг барча жонкуяр ва заҳматкаш ходимларига ўзимнинг юксак ҳурматимни изҳор этиб, фидокорона меҳнати учун чуқур миннатдорлик билдираман”, дейилади табрик хатида.
Президентнинг билдиришича, кейинги йилларда “Янги Ўзбекистонга – янги ва замонавий тиббиёт” деган эзгу ғоя асосида амалга ошираётган ислоҳотлар туфайли соҳага ажратилаётган маблағлар ҳажми 7 баробар кўпайтирилиб, жорий йилда 49 триллион сўмга етказилган. Тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳияти мустаҳкамланиб, уларнинг фаолиятига энг замонавий диагностика ва даволаш технологиялари, инновацион ёндашувлар кенг татбиқ қилинмоқда.
Жойларда бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш бўйича янги модель босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Инфаркт ва инсультга қарши курашиш, онкологик ва гематологик касалликларни эрта босқичда аниқлаш, паллиатив ёрдамни ривожлантириш борасида илк бор ўз миллий тизим барпо этилгани ҳам диққатга сазовор.
“Поликлиника ва шифохоналар, хусусий клиника ва дорихоналарни ягона рақамли тизимга бирлаштирганимиз, DMED электрон ахборот тармоғи орқали 38 миллиондан зиёд аҳолининг тиббий картаси яратилгани, “Электрон поликлиника”, “Электрон шифохона”, “Электрон рецепт” тармоқлари йўлга қўйилаётгани хизмат кўрсатиш сифати ва самарасини тубдан оширмоқда. Энди, сунъий интеллектни шифокор ва ҳамшираларга хизмат қиладиган кўмакчига айлантириб, бу тизим имкониятларини янада кучайтирамиз.
Давлат тиббий суғуртаси доирасида “Маблағ бемор ортидан боради” тамойили жорий этилгани, молиялаштиришда янги механизмлар шакллангани, реимбурсация дастури асосида аҳолига бепул бериладиган дори воситалари кўлами кенгайтирилгани ҳам муҳим ўзгаришлар қаторига киради. Шу йил охиригача барча ҳудудларда суғурта механизмларини тўлиқ йўлга қўйиб, аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан қамраб олишни режа қилганмиз.
Асосий мақсадимиз – қаерда яшаши ва ижтимоий ҳолатидан қатъи назар, ҳар бир инсон вақтида сифатли ва малакали тиббий ёрдам олиш имконига эга бўлишига эришишдан иборат”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, таълим ва илм-фан ривожига қаратилаётган эътибор туфайли 2017 йилдан буён тиббиёт олийгоҳларига қабул квотаси 4,5 карра кўпайган. Уларнинг 40 та таълим дастури халқаро аккредитациядан ўтказилган. Илгари бу олийгоҳларга 4 та давлатдан талабалар келиб ўқиган бўлса, ҳозир бу рақам 41 тага етди, чет эллик талабалар сони эса 15 минг нафардан ошган.
Келгуси йилдан тиббиёт ва фармацевтика ходимларини халқаро стандартларга мувофиқ давлат рўйхатидан ўтказиш тизими йўлга қўйилади. 2027–2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура дастурлари орқали амалга оширилади.
Хусусий тиббиёт тармоғи жадал ривожланиб, соҳада соғлом рақобат, танлаш имконияти пайдо бўлмоқда. Буни мамлакатдаги хусусий клиникалар сони сўнгги ўн йилда 3 минг 500 тадан 9 мингдан зиёдга ошгани, уларга рухсат этилган ихтисослаштирилган тиббий хизматлар тури 50 тадан 213 тага етгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Фармацевтика саноатида ишлаб чиқариш, экспорт ва инвестициялар ҳажми кенгаймоқда. Маҳаллий корхоналарда 6 минг 800 дан ортиқ турдаги дори воситалари тайёрланмоқда. Фармацевтика маҳсулотлари 50 дан зиёд мамлакатга экспорт қилинмоқда.
“Мамлакатимизда ўртача умр кўриш давомийлиги 73,8 ёшдан 75,4 ёшга етгани биз учун энг муҳим кўрсаткичдир. Олдимизда ушбу рақамни 78 ёшга етказиш, касалликларнинг олдини олиш, эрта ташхис қўйиш ва самарали даволаш соҳасидаги ишларимизни янги босқичга кўтариш бўйича катта вазифалар турибди.
Яқинда соҳа вакиллари билан бўлган учрашувда ана шу масалалар ҳақида, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тўғрисида батафсил гаплашиб олдик.
Бундай долзарб вазифаларни ҳал этишда сизлар янада юксак самара билан меҳнат қилиб, соҳани жадал ривожлантиришга бундан буён ҳам муносиб ҳисса қўшасиз, деб ишонаман.
Қутлуғ байрамингиз билан яна бир бор табриклайман. Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик-хотиржамлик ва шарафли фаолиятингизда муваффақиятлар тилайман”, дейди Ўзбекистон етакчиси.
Live
БарчасиОзон тешиги рекорд даражада кенгайди
06 Ноябрь
Октябрда инфляция 0,6 фоизни ташкил этди
06 Ноябрь