Президент Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
05 Сентябрь 2023
17780Кеча, 4 сентябрь куни Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев 77 ёшида вафот этгани ҳақида хабар бергандик. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Шерали Жўраев вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон маданияти ва санъати оғир жудоликка учради.
Шерали Жўраев 1947 йил 12 апрелда Андижон вилоятининг Асака шаҳрида туғилди.1971 йилда Тошкент театр ва рассомчилик санъати институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти)ни тамомлаб, меҳнат фаолиятини “Шодлик” ашула ва рақс ансамблининг хонандаси сифатида бошлади. Кўп йиллар Андижон вилояти филармонияси, Ўзбекистон давлат филармонияси, “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси каби ижодий ташкилотларда фаолият кўрсатиб, сидқидилдан хизмат қилди.
Шерали Жўраев ўзининг ноёб истеъдоди, бетакрор овози ва юксак ижро маҳорати билан юзлаб ёрқин қўшиқлар яратиб, халқ ўртасида муносиб обрў-эътибор топди. Мумтоз ва замонавий адабиётнинг кўплаб шеърий намуналарини куйга солиб, ўзбек қўшиқчилик санъатининг “олтин фонди”ни бойитишга беқиёс ҳисса қўшди.
Кейинги йилларда “Ватандошлар” жамоат фондининг Васийлик кенгаши раиси вазифасида самарали меҳнат қилиб, хорижий давлатларда истиқомат қилаётган ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлашда муносиб хизмат қилди. Моҳир санъаткор ўзбек миллий қўшиқчилигида ўз ижодий мактабини яратиб, кўплаб ёш истеъдод эгаларини тарбиялади.
У “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвонлари, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси давлат мукофоти, “Фидокорона хизматлари учун” ва “Эл-юрт ҳурмати” орденлари билан мукофотланган эди.
“Бетакрор санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон ва талабчан устози Шерали Жўраевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади”, дейилади хабарда.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси