Президент шахматчиларни табриклади
Спорт
−
24 Сентябрь
5763Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтказилган 45-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадасида муносиб иштирок этган ўзбекистонлик шахматчиларни табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
“Ғоят кескин ва муросасиз мусобақаларда сизлар юксак ақл-заковат, мустаҳкам ирода ва матонат фазилатларини намоён этиб, Хитой, Сербия, Арманистон, Германия, Озарбайжон, Словения, Испания каби манаман деган давлатларнинг жамоаларини ортда қолдирганингиз улкан таҳсин ва тасанноларга сазовордир. Ушбу мусобақада юксак интеллектуал салоҳиятини намойиш этган Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов каби ўғлонларимиз эришган натижалар биз учун жуда қадрлидир. Айниқса, тахталар кесимида Шамсиддин Воҳидов олтин медални, Нодирбек Абдусатторов кумуш медални қўлга киритиб, нақадар катта маҳорат эгаси эканларини яна бир бор исботлаганларини алоҳида таъкидлаш лозим”, дейди Президент.
Шунингдек, давлат раҳбари шахмат Олимпиадасида Ўзбекистон аёллар терма жамоасининг ҳам иштирокига тўхталди.
“Мард ва жасур ўғлонларимиз қаторида Афруза Ҳамдамова, Нилуфар Ёқуббоева, Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова сингари азму шижоатли шахматчи қизларимиз ҳам мусобақаларда муносиб иштирок этиб, бор куч-ғайрати ва маҳорати билан Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар. Улар ўтган Олимпиадада кўрсатган натижаларини яхшилаб, 170 мамлакат ўртасида 12-ўринни эгаллаганлари албатта эътиборга моликдир. Матонатли қизимиз Нодира Нодиржонова тахталар кесимида фахрли 2-ўринни эгаллаб, кумуш медаль билан тақдирлангани айниқса қувончлидир. Уларнинг барчасини самимий қутлаб, келгуси мусобақаларда совринли ўринларни забт этишларини тилайман”, дейди Президент.
Маълумот учун, шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бугун, 24 сентябрь куни Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинади. Улар ўрин олган самолёт Тошкент вақти билан 12:30 да Ислом Каримов номидаги аэропортга қўниши кутилмоқда.
LiveБарчаси