Президент “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида қатағон қурбонларини ёд этди

Жамият

image

Бугун, 28 август куни Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Шаҳидлар хотираси” хиёбонига Президент бошчилигида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ва зиёлилар йиғилди ҳамда қатағон қурбонларини ёд этиш маросимида ватан фидойилари ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди. Бу ҳақда Ўзбекистон раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, маросимда элга ош ҳам тортилган ҳамда хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинган. Шу ерда давлат раҳбарининг уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалалари юзасидан мулоқоти бўлган.

“Шу кунларда эл-юртимиз билан биргаликда мустақиллигимизнинг 35 йиллигини катта хурсандчилик билан кутиб оляпмиз”, деган Шавкат Мирзиёев. 

“Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу – катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш – муқаддас бурчимиз”, деб айтган Президент.

Давлат раҳбари фидойи аждодларимизнинг қаҳрамонлиги ҳеч қачон унутилмаслиги, уларнинг жасорати халқ учун ҳамиша маънавий куч манбаи бўлиб қолишини таъкидлаган.

“Барча ислоҳотларимиз марказида турган “Инсон қадри учун!” деган эзгу ғоя жасур ота-боболаримизнинг руҳларини шод этиш, орзу-ниятларини рўёбга чиқариш бўйича ишларимизни янада кучайтиришни талаб этади. Бу азиз инсонлар хотираси қанча эъзозланса, бугунги тинч ҳаётимиз, миллий истиқлолимиз қадри шунча ошади”, деган Президент.

Маълум қилинишича, кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи тўлиқ реконструкция қилиниб, экспозицияси бойитилган, замонавий технологиялар билан жиҳозланган. Рақамли тизимлар ва сунъий интеллект ёрдамида кўргазмаларнинг таъсирчанлиги оширилган.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилган қатағон қурбонлари музейлари ҳам замон талаблари асосида жиҳозланган. Уларнинг фондлари дунёнинг турли нуқталаридан келтирилган ноёб ҳужжатлар ва фотосуратлар билан бойитилмоқда.

Билдирилишича, 2021-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қатағон қурбони бўлган 1 200 дан зиёд ўзбекистонликлар оқланган. Жорий йилда собиқ мустабид тузум даврида ноҳақ айбланиб, турли муддатларга қамалган ёки ўлимга ҳукм этилган яна 161 нафар ватандош номи оқланган.

Қайд этилишича, сўнгги беш йилда жадидлар меросини ўрганишга бағишланган илмий-амалий анжуманлар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Мустабид тузумда ноҳақ қурбон бўлган ўзбекистонликларнинг номлари аниқланиб, уларнинг фаолияти, илмий ва ижодий мероси ўрганилмоқда. Юзлаб, минглаб фидойи юртдошлар ҳақидаги маълумотлар китоблар, матбуот ва оммавий ахборот воситалари орқали ўзбек халқига етказилмоқда.

Мулоқотда ўтган асрнинг 80-йилларида ҳам минглаб ўзбекистонликлар “пахта иши”, “ўзбек иши” деган сохта айбловлар билан сиёсий қатағонга учрагани қайд этилган. 1983-1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилиниб, 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган. 

Давлат раҳбари дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб, улар бизга яқин минтақаларга ҳам кириб келаётгани ташвишли эканини таъкидлаган. Бу мамлакатдаги тинчликни қадрлаш, янада жипс ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни талаб этади.

“Бизнинг йўлимиз – тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди”, деган Президент.

Бугун ўзбекистонликлар дунёнинг исталган мамлакатига эмин-эркин бориб келмоқда, Ўзбекистон барча давлатлар билан тенглик асосида ҳамкорлик қилмоқда. Бу мустамлакачилик занжирлари ва “пахта қуллиги”дан бутунлай озод бўлганимизнинг амалий ифодасидир.

Шунингдек, маросимда ҳаёт ва келажакни билим ҳамда маърифат асосида қуриш, узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона ҳамкорлик қилиш Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим шарти экани таъкидланган. Буюк жадидлар бежиз миллатни уйғоқликка, билим ва маърифатга чақирмаган. Уларнинг кураш ва маърифат мактаби бугун ҳам ғоят долзарб аҳамиятга эга.

Шу боис, ёшларнинг сифатли таълим олиши, ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етишига катта эътибор қаратилмоқда. Сўнгги ўн йилда олийгоҳлар сони 77 тадан 205 тага етказилган, қабул квоталари мунтазам ошириб борилган. Жаҳондаги ТОП-100 таликка кирадиган олийгоҳларда 3 минг 500 дан зиёд Ўзбекистон фарзандлари таълим олмоқда. Мактаб ва мактабгача таълим тизимларида ҳам муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

“Ёшларни миллий ғурур асосида тарбиялашга алоҳида аҳамият беришимиз керак. Миллий ғурур – инсоннинг қалбини, юрагини, бутун вужудини куч-ғайратга тўлдирадиган қудратли куч. Миллий ғурури бор одам ҳеч қачон енгилмайди”, деган Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, пойтахтда Ислом цивилизацияси маркази барпо этилган, Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси бутунлай қайтадан бунёд қилинган, Марғилонда Бурҳониддин Марғиноний номидаги марказ ишга туширилган. Булар Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли – тинчлик, дўстлик ва бунёдкорлик, билим ҳамда маърифат йўли эканини тасдиқлайди.

Сўнгги ўн йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар туфайли 100 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари ҳожилик мақомига эга бўлди. Давлат раҳбари диний жамоатчилик жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёшларга тўғри тарбия бериш жараёнларида янада фаол иштирок этишига ишонч билдирган.

“Бугун мана шу табаррук масканда туриб, тинч-осойишта ҳаётимиз, эришаётган ютуқларимиз учун Яратганга беҳисоб шукроналар айтамиз. Мана шундай озод ва фаровон кунларни орзу қилиб, армон билан ўтган қаҳрамон ота-боболаримиз, жасур момоларимизнинг руҳлари шод бўлсин! Юртимиз тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик диёри сифатида янада гуллаб-яшнасин! Аллоҳ таолонинг ўзи Ватанимизни паноҳида асрасин!”, деган Президент.

Уламолар қатағон қурбонлари ва Ватан озодлиги йўлида жон фидо этган аждодлар руҳига дуо қилиб, Ўзбекистондаги тинчлик-хотиржамлик, файз-у барака барқарор бўлишини тилаган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг