Президент мажлисбозликни камайтиришни буюрди
Жамият
−
18 Июль 2022
12318Ўзбекистонда бундан буён йиғилиш ва қарорларни камайтириб, ижро ва аҳоли муаммолари бўйича ишлайдиган тизим бўлади. Бир ойдан кейин ҳар бир вилоят ҳокими Президентга қилган ишлари ҳақида алоҳида ҳисобот беради. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 18 июль куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
“Самарқанд вилоятидаги ўрганишлар кўп камчиликларимизни кўрсатди. Бир ойдан кейин ҳар бир вилоят ҳокими қилган ишлари ҳақида алоҳида ҳисобот беради. Олдимизда ҳали энг қийин ва оғир ислоҳотлар турибди. Ҳамма ўзгариши керак, иш услубларини ҳам ўзгартириши керак”, дейди Президент.
Бундан ташқари, йиғилишда Вазирлар Маҳкамасида, вазирлар ва ҳокимлар ҳам ўз тизимида ўн кун муддатда структураси ва иш услубларини ўзгартириши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Адлия вазирлигига аҳоли ва тадбиркорларни янгиликлардан хабардор қилиш ва уларга қулайликлар яратиш ҳамда қонунчиликни ихчамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилди.
Ҳисоб палатаси, Молия вазирлигига берилаётган маблағлар мақсадли ишлатилиши, айниқса, қурилишни молиялаштириш, субсидия ва компенсация ажратиш жараёнларини рақамлаштириш бўйича янги тизимни ишлаб чиқиш топширилди.
“Умуман, ҳамма маҳалла, туманга тушиб, муаммоларни ичига кириб, аниқ натижага ишлаши шарт”, дейди давлат раҳбари.
LiveБарчаси