Президент махсус кўргазмага бориб, фаол ёшлар билан учрашди
Жамият
−
13:29 1098 4 дақиқа
Бугун, 30 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев Олимпия шаҳарчасида Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган махсус кўргазмада мамлакатнинг фаол ва изланувчан ёшлари билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, давлат раҳбари уларнинг маҳалла ҳаёти, экология, стартаплар, муҳандислик ва китобхонлик маданиятини юксалтириш каби соҳалардаги лойиҳалари билан танишган, лойиҳа ташаббускорлари билан шахсан мулоқот қилган.

Фарғона туманидаги Обод маҳалласи ёшлар етакчиси Исломбек Муҳаммаджонов ўз маҳалласида ташкил этган “Обод таълим” ўқув маркази орқали 600 нафар тенгдошини замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитган. У фаолиятини Германиянинг нуфузли компаниялари билан халқаро шартномалар асосида глобал бозорга олиб чиқишга эришганини сўзлаб берган. Ушбу амалий ҳаракат туфайли маҳалла ёшлар ишсизлиги ва жиноятчилигидан холи ҳудудга айлантирилган.

Шунингдек, “Яшил ташаббуслар” жамғармаси координатори, “Green University” магистранти Гулираъно Мамированинг ташаббуслари эътиборга молик. Унинг экологик-ижтимоий ва “яшил” инновациялар стартапларини йўлга қўйиш борасидаги ишлари давлат раҳбарининг алоҳида эътиборини тортган.

Рангтасвир танловида “Энг оригинал ғоя” номинацияси ғолиби Одинахон Маъмуржонованинг ижодий интилишлари, жисмоний имконияти чекланганига қарамай, уйда таълим олаётган болалар учун “Ўқи ва юксал” лойиҳасини амалга ошириб келаётган Чинора Ғуломованинг матонати Президент томонидан юқори баҳоланган. Уларнинг жамиятдаги инклюзив муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларини тизимли қўллаб-қувватлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилган.

Кўргазманинг стартаплар, тадбиркорлик ва касб-ҳунар майдонида ёшларнинг халқаро миқёсда рақобатлаша оладиган интеллектуал салоҳияти намойиш этилган.
Президент мактаби битирувчиси, Чикаго университети талабаси Асилбек Ашуров ўн саккиз ёшида “Makon AI” стартапини таъсис этиб, сунъий интеллектга асосланган SAT/AP тестларига тайёргарлик платформасини яратган. Бугунги кунда стартапи АҚШ ҳамда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида 100 мингдан ортиқ мижоз ва инвесторлардан 380 минг доллар сармоя жалб этгани, лойиҳа қиймати 3 миллион долларга баҳоланганини маълум қилган.

Дунёнинг етакчи акселератори саналган “Y Combinator” дастурининг биринчи ўзбек иштирокчиси Сардорбек Раҳматуллоевнинг АҚШда йиллик даромади кўп минг долларлик стартапга асос солгани ва “Meta Superintelligence” компаниясида орттирган тажрибаси ҳам миллий стартап экотизимимизнинг ютуғи сифатида эътироф этилган.
Президент бу каби юқори технологияли лойиҳаларни мамлакатда кенг жорий этиш ва ёш тадбиркорларга хорижий бозорларга чиқишда кўмаклашиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб қолишини таъкидланган.

Муҳандислик ва инновация соҳасидаги тақдимотлар доирасида талабаларнинг сунъий интеллект ҳамда робототехника йўналишидаги муваффақиятлари кўриб чиқилган.
Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети талабаси, дронлар пойгаси бўйича мамлакат чемпиони Билолиддин Исмоилов маҳаллий антидрон тизимларини яратиш ва такомиллаштиришда иштирок этаётганини маълум қилган.
Нукус давлат техника университети талабаси, Нукус ёшлар технопарки резиденти Айзада Асанованинг “Янги авлод автомобиллари” йўналишидаги муваффақиятли лойиҳаси эса ҳудудларда ҳам муҳандислик мактаблари жадал ривожланаётганидан далолат беради. Давлат раҳбари ушбу инновацион ишланмаларни турли тармоқларда жорий этиш зарурлигини қайд этган.
Навқирон авлоднинг маданий-маърифий соҳадаги ва китобхонлик маданиятини юксалтириш йўналишидаги ютуқлари ҳам учрашувнинг асосий мавзуларидан бири бўлган.
Халқаро гўзаллик ва санъат танловлари совриндори Нигина Фахриддинова ҳамда ёш мусиқачи Амина Авазованинг ютуқлари миллий маданиятнинг халқаро нуфузини оширишга хизмат қилаётгани айтиб ўтилган.
Шу билан бирга, аҳоли орасида китобхонликни кенг ёйишга қаратилган рақамли лойиҳалар намойиш этилган. “Мутолаа” лойиҳаси раҳбари Сирожиддин Олимов яратган мобиль илова қарийб 5 миллион марта юклаб олингани ва унда ўқилаётган китоблар сони 18 миллиондан ошганини таъкидланган.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби Нилуфар Эргашева “Яшил сўз” китоби муаллифи, “Сўз” лойиҳаси иштирокчиси. У Ўзбекистоннинг адабий харитасини яратиш орқали адабий туризмни ривожлантириш ҳамда “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ўзбек ижодкорларининг йирик назм ва наво кечаси, шеърий оқшомлар каби оммавий бадиий концерт дастурларини ташкил этиш таклифини билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан бўлиб ўтган самимий мулоқотда улар томонидан илгари сурилган истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаган.
Live
Барчаси