Президент Андижонда маҳалла ҳаёти билан танишди
Жамият
−
17 Июнь 2021
6981Бугун, 17 июнь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Избоскан туманидаги Урганжи маҳалласида бўлиб, аҳоли ҳаёти билан танишди.
Маҳаллада 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Бу йил 915 ўринли умумтаълим мактаби таъмирдан чиқарилди. Барча кўчалар обод бўляпти. Ўнлаб кичик бизнес субъектлари аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.
Одамларнинг ўзи ҳам ҳунарманд, миришкор. Жумладан, деҳқончилик билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга 10 сотихдан ер ажратиляпти. Маҳалладаги 150 та хонадонга 50 бошдан парранда берилиб, ўзини ўзи банд қилиши таъминланган.
Шавкат Мирзиёев шу ерлик Қурбонали Ўринбоев хонадонида бўлиб, яшаш шароитлари, паррандачилигини кўздан кечирди. Маҳалла вакиллари билан дилдан суҳбат бўлди.
“Энди ҳар бир хонадоннинг имкониятидан келиб чиқиб, бизнес-режа ёзиб берилади. Давлат ташкилотлари шароит яратади. Ҳозирги замонга муносиб бўлиб, меҳнат қилмасак, ниятимизга етолмаймиз. Худонинг ўзи меҳнатга, ҳаракатга яраша ажрини беради”, деди Президент.
Нуронийлар мамлакатга тинчлик ва фаровонлик тилаб, дуо қилди.