Байден Путиннинг фамилиясини хато айтиб юборди
Олам
−
16 Апрель 2021
15306АҚШ Президенти Жо Байден Россия ҳақидаги нутқида икки маротаба хато қилди: эскалация ва вакцинация сўзларини адаштириб юборди ва Россия Президенти Владимир Путиннинг фамилиясини нотўғри талаффуз қилди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар берди.
Америка раҳбари дастлаб, “АҚШ Россия билан вакци... эскалация ва можаро даврини бошламоқчи эмас”, деган.
Байден нутқини давом эттираркан, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг фамилиясини “Президент Клутин” нотўғри талаффуз қилди. Аммо ўз хатосини дарҳол тўғрилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Байден коронавирусга қарши эмлаш ҳақида нутқ сўзлаётган пайт вице-президент Камола Харрисни “Президент”, деб юборганди.
Маълумот учун, ҳозирда АҚШ ва Россия ўртасида даҳанаки жанжал давом этмоқда.
Кеча, 15 апрель куни АҚШ Россияга қарши янги санкцияларни жорий қилди. Шундай қилиб, 2021 йилнинг 14 июнидан бошлаб Америка молия институтларига Россия Марказий банки ва Молия вазирлиги, шунингдек, Миллий фаровонлик фондидан тўғридан-тўғри қарздорлик қимматли қоғозларни сотиб олиш тақиқланди.
Вашингтон, шунингдек, “Россия разведка хизматларининг кибер дастурини қўллаб-қувватловчи” мамлакатнинг олтита технологик компаниясига чекловлар киритди.
Бундан ташқари, АҚШ президентлик сайловларига Россиянинг аралашуви билан алоқадор, деб тахмин қилинган 16 та ташкилот ва 16 нафар шахсга қарши санкциялар жорий қилинган.
Уларнинг орасида, аллақачон, АҚШнинг “қора рўйхат”ига тушиб улгурган, Россия Президенти Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Громов ва “Путиннинг ошпази” лақаби билан машҳур бўлган тадбиркор Евгений Пригожиннинг компанияси бор.
Шунингдек, Керчен кўприги (Россия билан Қрим яриморолини боғлаб турувчи кўприк – таҳр.) қурилишининг иштирокчилари бўлган учта ташкилот ва беш нафар россияликка нисбатан санкциялар қўлланилган.
Россия АҚШ санкцияларига муқаррар жавоб беришни ваъда қилди.
Бокирхон Қосимхонов
LiveБарчаси