Президент камбағалликни қисқартириш бўйича янги лойиҳа билан танишди
Жамият
−
26 Июнь 2020
6071Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи доирасида Чортоқ тумани Баланд адир ҳудудидаги иссиқхоналар мажмуасини барпо этиш лойиҳаси билан танишди.
Президент ўтган йили Наманган вилоятига ташрифи чоғида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаларига эга бўлишларига кўмаклашиш юзасидан топшириқлар берган эди. Ушбу вазифалар ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамкорлигида “Бир жойда - минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона лойиҳаси “Голден Натс Наманган” агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамият ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилмоқда.
Ҳозирги кунда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган ҳар бири 2 сотихдан бўлган 800 та иссиқхона қуриб эгаларига топширилди. Қолган 200 таси июль ойи охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.
Ушбу лойиҳанинг афзаллиги шундаки, “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида бир жойда экспортбоп сифатли маҳсулот етиштирилади, камбағал оилалар доимий даромад манбаларига эга бўлади ва бандлиги таъминлади. Яна бир қулайлиги - маҳсулотни етиштиришда кўчат, сув, минерал ўғит ҳамда бозор таъминоти етакчи тадбиркор томонидан кафолатланади.
Айни пайтда Чортоқ туманидаги 800 та камбағал оила аъзоларининг бандлиги таъминланди.
Президентга ушбу лойиҳанинг афзалликлари ва имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
2 сотихли иссқхонада уч марта ҳосил етиштириш имконияти бор. Хусусан, битта иссиқхонада 700 туп помидор кўчати экилган. Ҳар бир туп кўчатдан ўртача 4-5 килограммдан маҳсулот олиш мумкин. Бугунги кунда 1 килограмм помидорнинг ўртача нархи 3 минг сўмдан бўлганда, биринчи ҳосилнинг ўзидан 7-8 миллион сўм даромад олса бўлади.
Шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан лойиҳа доирасида ушбу ҳудуддаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, камбағал оилалар аъзоларини қишлоқ хўжалиги касбларига ўқитиш учун Агробизнес ўқув моно маркази ташкил этилди. Ушбу масканда лимончилик (иссиқхона), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик каби йўналишларда йилига 2000 дан ортиқ ишсизлар касбга ўқитилади.
Бугунги кунда Чортоқ туманида 200 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Ишсизлар сони 7 мингдан зиёд.
Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли бандлигини таъминлашда тизимли ишларни давом эттириш зарурлигини таъкидлади. Камида ўн мингта иш ўрни яратиш лозимлиги қайд этилди.
“Одамларимиз ислоҳотлар самарасини сезиши керак. Уларни рози қиладиган тизим яратишимиз лозим”, деди Президент.
Шу ерда вилоятда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, “Голден Натс Наманган” агро томорқа хизмати томонидан интенсив боғдорчилик (ёнғоқ, бодом, олма ва олча)ни ташкил этиш, чорвачилик ва сутни қайта ишлаш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошиши эвазига юзлаб янги иш ўринлари яратилади.