Президент қишлоқ хўжалигига оид янги қарорни имзолади
Жамият
−
29 Июнь 2020
8427Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини синаш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори
Республикада ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулот ишлаб чиқарувчиларни замонавий, сифатли қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, хорижий давлатлардан кириб келаётган айрим қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг республиканинг тупроқ-иқлим шароитларига мос келмаслиги қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда белгиланган агротехник тадбирларни амалга ошириш вақтида қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлашнинг самарали синаш ва ўлчаш усулларини кенг жорий этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникаларини синаш ва сертификатлашни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида:
1. Қуйидагилар қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда технологияларини синаш тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
ресурс тежайдиган замонавий қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда технологиялари синовига оид техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш;
қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмларини республика ҳудудларининг тупроқ-иқлим шароитларида самарали қўллаш ва уларнинг ишончлилигини текшириш учун тегишли синовларни ўтказиш;
соҳани ривожлантиришга кўмаклашувчи инновацион усуллар, дастурлар ва истиқболли ғояларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар фаолиятига самарали илмий ишланмаларни кенг жорий этиш;
қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари синовини ўтказувчи лабораторияларнинг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, соҳага юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2021 йил 1 январдан бошлаб:
импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларида самарали қўллаш ва уларнинг ишончлилик (сифат) кўрсаткичларини текшириш мақсадида барча турдаги қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмлари мажбурий тартибда синовдан ўтказилади. Бунда, қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмлари маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчилар ҳамда импорт қилувчилар томонидан тақдим этилади;
импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари, уларнинг агрегатлари, бутловчи қисмлари такомиллаштирилганда ҳамда уларга қўшимча функцияларни бажариш юклатилганда такрорий синовларга тақдим этилади;
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг ягона давлат реестрига (кейинги ўринларда – ягона давлат реестри) киритилган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларидан республикада экинларни етиштиришда фойдаланишга рухсат этилади;
импорт қилинадиган ҳамда маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг агрегатлари ва бутловчи қисмлари учун мувофиқлик сертификатларини расмийлаштириш тизими йўлга қўйилади. Бунда, лаборатория асбоб-ускуналари ва ўлчов воситаларига эга бўлмаган ташкилотлар томонидан қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларига сертификат берилишига йўл қўйилмайди.
3.Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, “Ўзстандарт” агентлигининг 2023 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб келинадиган синов ускуналари ва ўлчаш воситаларини божхона божидан озод қилиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.
Бунда, синов ускуналари ва ўлчаш воситалари синов лабораторияларини аккредитация, шу жумладан, халқаро аккредитация талаблари асосида жиҳозлаш учун ишлатилади.
4. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда технологияларини синаш ва сертификатлаш тизимини такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” иловага мувофиқ тасдиқлансин.
5. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги “Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда бир ой муддатда:
қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда технологияларига нисбатан талабларни белгилайдиган стандартлаштириш бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказсин;
2020-2021 йилларда қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари ҳамда технологиялари ва уларни синаш усулларига нисбатан талабларни белгилайдиган зарур стандартларни халқаро талаблар асосида қабул қилиш бўйича тармоқ жадвалини тасдиқласин.
6. “Ўзстандарт” агентлиги икки ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан келишган ҳолда қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари бўйича тармоқ стандартларининг рўйхатдан ўтказилишини таъминласин;
қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини ишлаб чиқарувчи ва етказиб берувчи ташкилотлар билан биргаликда уч ой муддатда амалдаги стандарт ҳамда меъёрларга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг тури бўйича синов дастурларини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқласин;
лаборатория асбоб-ускуналари ва ўлчов воситаларига эга бўлган хусусий ташкилотларни қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларига сертификат бериш учун аккредитациядан ўтказиш тартибини ишлаб чиқсин;
хорижий давлатларнинг синов марказлари билан яқиндан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб, уларнинг илғор тажрибаларини республикада босқичма-босқич жорий этиб борсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази (кейинги ўринларда – Марказ) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда қишлоқ хўжалиги техникаларини халқаро талаблар асосида синаш учун замонавий синаш ускуналари ва ўлчаш воситалари рўйхатини шакллантирсин ва жорий йилнинг якунига қадар уларни харид қилиш чораларини кўрсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:
“Ўзстандарт” агентлиги билан биргаликда 2020 йил 15 декабрга қадар қишлоқ хўжалиги техникаларини синаш ва сертификатлаш бўйича халқаро тажрибадан келиб чиқиб, Марказнинг синов лабораториялари халқаро аккредитациядан босқичма-босқич ўтказилишини таъминласин;
Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда харид қилинган синаш воситаларининг қурилиш-монтаж ишлари ҳамда ўқитишда қатнашадиган хорижий мутахассисларни кириш ҳужжатларининг белгиланган тартибда расмийлаштирилишида амалий ёрдам кўрсатсин;
Тошкент вилояти ҳокимлиги ва қурилиш-лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда икки ой муддатда Марказнинг моддий-техник базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш бўйича лойиҳа ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда Марказни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит ҳамда грант маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда уч ой муддатда ягона давлат реестрига киритилмаган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари, уларнинг агрегатлари ва бутловчи қисмларини етказиб берганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун, 2021 йилнинг 1 январига қадар ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган техникалар бундан мустасно, жавобгарликни белгилаш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси билан биргаликда халқаро молия институтларининг грантлари ва кредитлари ҳисобидан 2020 йил 1 декабрга қадар мувофиқлик сертификатига эга бўлган ва давлат синовларидан ўтган импорт қилинган ва республикада ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги ҳамда мелиорация техникаларининг ягона давлат реестри интеграциялашган ахборот тизимини яратсин.
Белгилансинки, ушбу ахборот тизимида қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларининг сертификатга эга эканлиги, синовдан ўтганлиги, балансда сақловчи корхона ҳақида тўлиқ маълумотлар акс эттирилади.
10. “Ўзстандарт” агентлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникалари синови синов шартларига қатъий риоя қилинган ҳолда ўтказилиши ҳамда ягона давлат реестрига киритилган қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларидан экинларни етиштиришда фойдаланилиши устидан доимий назорат ўрнатсин.
11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги соҳага тегишли олий таълим муассасалари битирувчи талабаларининг амалиёти қишлоқ хўжалиги ва мелиорация техникаларини синаш ҳамда сертификатлаш ишларига интеграция қилишни таъминласин.
12. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига:
қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги техникаси ва технологияларини сертификатлаш ва синаш маркази фаолиятини ташкил этишга оид Ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин.
13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Тошкент шаҳри, 2020 йил 27 июнь
LiveБарчаси