Президент Қашқадарёга сафарини ўқувчи ва ўқитувчилар билан гаплашишдан бошлади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи бошланди. 

Давлат раҳбари ташрифни Қарши туманидаги Янги Батош маҳалласидан бошлади. Бу 2021 йилда ташкил топган маҳалла бўлгани боис бу ерда мактаб йўқ эди. 500 дан ортиқ ўғил-қиз 10 километр масофадаги мактабга қатнарди.

Яқинда бу ерда янги мактаб қуриб битказилди. Президент маҳаллага ташрифи чоғида уни кириб кўрди.

Мактаб 660 ўринли. Ўттиздан ортиқ синфхоналар, кутубхона, фаоллар зали, ошхона, STEM лабораторияси, компьютер хонаси ва касбга йўналтириш хоналари мавжуд. Очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, йўл ҳаракати хавфсизлиги йўлаклари ташкил этилган.

Давлат раҳбари ўқувчилар билан мулоқотда бўлди.

“Шундай шароит яратаяпмизки, ўқувчилар мактабдан чет тилларини ва ҳунар ўрганиб чиқади. 11-синф ҳаёт йўли синфи бўлади. Агар ҳар бир ёш шундай ўқиб, жамиятда ўз ўрнини топса, Ўзбекистонимизга мустаҳкам замин бўлади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент шу ерда қашқадарёлик ўқитувчилар билан суҳбатлашди.

“Ҳар бир ислоҳотда, қарор қабул қилишда ўқитувчилар кўз олдимда бўлади. Сир эмас, илгари болалар уч ойлаб пахтага чиқариларди. Биргина Қашқадарёда 155 минг ўқувчи ўрни етишмасди. Бунинг учун вилоятга 1 триллион маблағ ажратилди. 215 та мактаб қурилди. Бугун Қашқадарё мактаблар сони бўйича республикада биринчи ўринда. Ўқитувчиларнинг ойлик маошлари ҳам оширилди. Албатта, буларни яна давом эттирамиз. Лекин асосийси – сифат бўлиши керак. Бу аввало ўқитувчиларнинг билимига, дунёқарашига, фидойилигига боғлиқ”, дейди давлат раҳбари.

Учрашувда педагоглар ўз фаолияти ҳақида сўзлаб, фикр ва таклифларини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг