Президент қанча мансабдор коррупцияда айбланиб қўлга олинганини очиқлади
Жамият
−
20 Декабрь 2022
5255Ўтган икки йилда 5 мингга яқин мансабдор коррупциявий жиноятлар бўйича жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 20 декабрь куни Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатида айтиб ўтди.
“Лекин, очиқ айтиш керак, бу – масаланинг сабаби билан эмас, оқибати билан курашиш”, дейди Мирзиёев.
Давлат раҳбари депутат ва сенаторлардан ўзига белгиланган ҳудудларга бориб, давлат бюджети маблағлари қандай сарфланаётганини назорат қилиш ваколатидан унумли фойдаланиб, мамлакатда коррупцияга қарши курашга ўз ҳиссасини қўшишни сўради.
Шунингдек, Президент мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлишини алоҳида урғулади.
“Вазирлар ҳам, ҳокимлар ҳам бир нарсани яхши тушуниб олиши керак. Ўзбекистонда мулк ва инвестициянинг ҳимоячиси қайсидир ҳоким ёки вазир эмас, фақат Конституция, қонун ва суд бўлади”, дейди давлат раҳбари.
Унинг билдиришича, Халқаро тижорат судини Ўзбекистонда ташкил қилиш бўйича ҳам амалий ишлар бошланган.
“Юқоридаги барча ташаббусларни Конституцияда тўғридан-тўғри муҳрлаб қўйиш лозим”, дейди Мирзиёев.
LiveБарчаси