Президент инсон ҳуқуқларига оид муҳим фармонни имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 22 июнь куни “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонни имзолади. Фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин. 

Сўнгги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштиришга доир тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси инсон ҳуқуқлари бўйича 80 дан ортиқ халқаро ҳужжатларга, жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг (кейинги ўринларда – БМТ) 6 та асосий шартномаcи ва 4 та факультатив протоколига қўшилган бўлиб, уларнинг амалга оширилиши юзасидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ва шартномавий қўмиталарига мунтазам равишда миллий маърузаларни тақдим этиб келмоқда.

Бундан ташқари, миллий қонунчиликни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро-ҳуқуқий стандартлар билан уйғунлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари соҳасида узоқ муддатли стратегиянинг қабул қилиниши ушбу соҳада давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат муносабати шаклланишига, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси янада мустаҳкамланишига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий рейтинг ҳамда индекслардаги мавқеи яхшиланишига хизмат қилади.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни самарали ва ўз вақтида амалга ошириш мақсадида:

1. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалари нормаларини бажариш юзасидан масъул давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

•    халқаро ташкилотларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тавсияларини амалга оширишга қаратилган миллий ҳаракат режалари (“йўл хариталари”)нинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

•    қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш орқали БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини бажаришга тўсқинлик қилаётган сабаб ва шароитларни аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда бартараф этиш;

•    Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларини бажариш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатаси ва фуқаролик жамияти институтлари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.

2. Халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг устав органлари ва шартномавий қўмиталарининг тавсияларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчилик, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва илғор хорижий тажрибани таҳлил қилиш ҳамда кенг жамоатчилик муҳокамаси, халқаро ва миллий маслаҳатлашувлар натижасида ишлаб чиқилган:

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси (кейинги ўринларда – Миллий стратегия) 

1-иловага мувофиқ;

•    Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ;

•    Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари бўйича устав органлари ва шартномавий қўмиталари хабарномалари ва қарорларини кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ўзаро ҳамкорлик қилиш тартиби тўғрисидаги низом 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

а) Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси 
Миллий маркази (кейинги ўринларда – Марказ) Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг амалга оширилиши юзасидан:
•    мунтазам мониторинг олиб бориб, чора-тадбирлар сифатли ва ўз вақтида ижро этилиши бўйича таклиф ва тавсияларни тегишли вазирлик ва идораларга киритиб боради;

•    доимий равишда аниқ кўрсаткичлар ва эришилган натижалар акс эттирилган батафсил ахборотни ўз веб-сайтида жойлаштириб боради;

•    ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига умумлаштирилган маълумот киритади;

•    ахборот-таҳлилий шарҳлар тайёрланиши, хорижий тилларга таржима қилиниши ва эълон қилинишини таъминлайди;

б) “Йўл харитаси”да белгиланган масъул ижрочилар ўзларига юклатилган вазифалар ижроси тўғрисидаги маълумотларни ҳар ойнинг 5-санасига қадар Марказга тақдим этади. 

Бунда, вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбарлари “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг тўлиқ, сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсан жавобгардир;

в) Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида вазирлик ва идораларнинг ахбороти тингланади.

4. Қуйидагиларга:
а) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига:

•    Инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича парламент комиссиясини тузиш;

•    вазирлик ва идоралар раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ижро ҳолати юзасидан ахборотини  ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг Миллий стратегия ва “Йўл харитаси”нинг ҳудудлар кесимида ижро этилиши юзасидан ахборотини ҳар чоракда эшитиш ва танқидий муҳокама қилиш тавсия этилсин.

5. Марказнинг:

•    инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини оширишда кўрсатган хизматлари учун ҳар йили Халқаро инсон ҳуқуқлари кунида топшириладиган “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишонини таъсис этиш;

•    ҳар икки йилда юқори савияда ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий давлатлар мутахассислари ва фахрий меҳмонлар иштирокида Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда:

•    “Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун” кўкрак нишони тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида Ҳукумат қарорини қабул қилсин;

•    Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини 2020 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш билан боғлиқ ташкилий чора-тадбирларни амалга оширсин.

7. Марказ:

•    бир ой муддатда Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форуми концепцияси ва уни ўтказиш регламентини ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

•    уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда давлат олий таълим муассасалари, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга ихтисослаштирилган муассасалар (университет, институт, марказ, факультет, курслар), шунингдек, умумий ўрта таълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида “Инсон ҳуқуқлари”, “Аёллар ҳуқуқлари” ва “Бола ҳуқуқлари” бўйича ўқув курслари (дарсликлари)ни жорий этиш бўйича таклифларни киритсин.

8. Белгилансинки, Марказ ходимларининг лавозим маошига фан номзоди ёки фалсафа доктори (PhD) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 30 фоизигача, фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасига эга шахслар учун – лавозим маошининг 60 фоизигача қўшимча ҳақ тўланади.

9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги мазкур Фармонда кўзда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 2020 йилги Давлат бюджети параметрлари доирасида белгиланган тартибда молиявий маблағлар ажратилишини таъминласин.

10. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Халқаро пресс-клуб ва Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси билан ҳамкорликда:

•    ушбу Фармоннинг мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида тушунтирилишини;

•    Миллий стратегиянинг амалга оширилиши тўғрисидаги холис ва тўлиқ маълумотларнинг кенг жамоатчиликка тезкор етказилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил  10 декабрдаги ПҚ–4056-сон қарори билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази тўғрисидаги низомга 4-иловага мувофиқ ўзгартиришлар ва қўшимча киритилсин.

12. Марказ манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони Инсон ҳуқуқлари

Баҳолаганлар

76

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг