Президент илк бор мактаб битирувчиларига табрик йўллади
Жамият
−
24 Май 2021
11209Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев умумий ўрта таълим мактабларида 2020-2021 ўқув йилини якунланаётгани муносабати билан битирувчиларга табрик йўллади. Унда шундай дейилади:
Азиз фарзандларим!
Қадрли мактаб битирувчилари!
Аввало, барчангизни беғубор ўқувчилик йилларингизни ортда қолдириб, қадрдон мактабингиз, меҳрибон устозларингиз билан хайрлашиб, ҳаётингизнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётганингиз билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Ушбу қувончли айёмда мамлакатимиздаги барча мактабларда “сўнгги қўнғироқ”лар янграб, қарийб 438 минг нафар ўқувчи ёшларимиз етуклик шаҳодатномаларини қўлларига олмоқда.
Бу нафақат сиз, азиз фарзандларимиз, балки биз – ота-оналар, устоз-мураббийлар учун ҳам ғоят қувончли ва ҳаяжонли воқеадир. Чунки, қалби пок орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз.
Сизлар кейинги икки йил давомида пандемия шароитида ўқиб ва яшаб, қийинчиликларга қарши курашиш кўникмаларини ҳам эгаллашингизга тўғри келди. Албатта, бу мураккаб синовли кунлар ҳадемай ўтмишга айланади.
Ишончим комил, янги Ўзбекистон шароитида, замонавий тараққиёт талаблари асосида таълим-тарбия олган ёш авлод вакиллари сифатида барчангиз давлатимиз, халқимиз томонидан яратилаётган имкониятларни қадрлаб, улардан янада самарали фойдаланасиз.
Қадрли ўғил-қизларим!
Маълумки, биз ўз олдимизга улкан мақсадларни қўйиб, уларга эришишнинг энг муҳим омили сифатида таълим-тарбия соҳасига жуда катта аҳамият бермоқдамиз.
Қисқа муддатда мактабгача таълим, олий ва ўрта махсус таълим тизимида муҳим ўзгаришлар амалга оширилди. “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади” деган шиор асосида мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланди.
Бу ҳақда гапирганда, охирги тўрт йилда 134 та янги мактаб қурилиб, 2 минг 965 та мактаб реконструкция қилиниб, тубдан таъмирлангани ва жиҳозланганини қайд этиш лозим.
Юртимизда мутлақо янгича мазмун ва шаклдаги замонавий Президент мактаблари, ижод мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар барпо этилмоқда.
Ҳозирги вақтда республикамизда 10 мингдан зиёд давлат умумтаълим, 171 та нодавлат, 18 та давлат-хусусий шериклик шаклидаги мактаблар фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, 56 та математика, 28 та кимё-биология, 14 та ахборот технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилди.
Шу борадаги ишларимизни изчил давом эттириб, кейинги пайтда физика ва чет тилларига ихтисослаштирилган мактаблар очишга алоҳида эътибор бермоқдамиз. Шу йил сентябрь ойида 14 та физика ва 207 та чет тилларига ихтисослаштирилган мактаб ўз фаолиятини бошлашини алоҳида таъкидлаш лозим.
Энг муҳими, ана шу мактабларда таълим-тарбия олаётган ўғил-қизларимиз халқаро фан олимпиадалари, ижодий фестиваль ва танловларда юқори ўринларни эгалламоқда, мамлакатимиз ва хориждаги нуфузли олийгоҳларга кириб ўқиш ҳуқуқини қўлга киритмоқда.
Охирги бир ярим йилда иқтидорли ўқувчиларимиз халқаро олимпиадаларда 4 та олтин, 18 та кумуш, 30 та бронза медалини қўлга киритгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.
Юртимизда олижаноб касб эгалари бўлган ўқитувчилар, устоз-мураббийларнинг машаққатли меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги обрў-эътиборини оширишга муҳим аҳамият қаратилмоқда.
Халқаро фан олимпиадалари ғолиблари ва уларнинг устозларини моддий тақдирлаш механизми йўлга қўйилгани ҳам ана шундай ишларимиз қаторига киради.
Дунёдаги тараққий топган давлатлар тажрибаси асосида мактаб таълими учун ўқув дастури ва дарсликларининг янги авлодини яратиш бўйича амалий ишлар бошланди.
Бугунги кунда бутун юртимизни қамраб олган беш муҳим ташаббус доирасида ҳам сиз, азиз ёшларимизнинг етук инсонлар бўлиб камол топишингиз учун кўп ишлар қилинмоқда.
Хусусан, фарзандларимизни санъат дунёсига ошно этиш мақсадида 800 дан ортиқ маданият марказида 4,5 мингдан зиёд тўгарак фаолияти йўлга қўйилгани, улар мусиқа асбоблари ва зарур жиҳозлар билан таъминлангани, мактабларда ташкил этилган 36,5 мингдан зиёд тўгаракларга 1 миллион 100 минг нафар ўғил-қизларимиз жалб этилгани бу борадаги муҳим қадамлардир.
Шунингдек, республикамиз мактабларида 49 мингдан ортиқ, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида эса 26 мингга яқин тўгаракларда минглаб ўғил-қизларимиз жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Барча мактабларимиз кенг полосали Интернет тармоғига босқичма-босқич уланаётгани ҳамда мамлакатимизда жами 133 та рақамли технологиялар ўқув маркази очилгани фарзандларимизда замон талаби бўлган компьютер ва “Ай-Ти” технологиялар соҳасида билим ва кўникмаларни шакллантиришга хизмат қилмоқда.
Яна бир муҳим масала – ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор берилмоқда. Шу асосда 201 та ахборот-кутубхона марказидаги китоблар сони қарийб 25 миллионга етказилгани, ўтган йили мактаб кутубхоналари 150 мингдан зиёд янги адабиётлар билан таъминлангани ёшларимизнинг интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда.
Аминманки, шу кунларда жойларда кўтаринки кайфиятда ўтказилаётган ёшлар форумлари ва беш муҳим ташаббусга бағишланган фестиваллар ҳам мактаблардаги битирув тадбирларига уйғун бўлиб, ўғил-қизларимиз ҳаётида ўчмас из қолдиради.
Ҳурматли ёш дўстларим!
Мана шу унутилмас дамларда сизлар янги ҳаёт остонасида туриб, келажак режаларини тузар экансиз, олдингизда катта имкониятлар ва масъулиятли вазифалар турганини барчамиз яхши англаймиз.
Қалбингиздаги эзгу орзу-интилишларни рўёбга чиқаришда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 137 та олий ўқув юрти, 339 та касб-ҳунар мактаби, 193 та коллеж ва 196 та техникум сизларга мунтазирдир.
Сизлар учун ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий маълумот олиш имконияти ҳам яратилган. Шу мақсадда 71 та олий таълим муассасасида сиртқи, 18 та олийгоҳда кечки бўлимлар фаолият кўрсатмоқда.
Иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги эҳтиёждан келиб чиқиб, сўнгги 5 йилда бакалавриат босқичида 134 та таълим йўналиши, магистратурада 147 та мутахассислик янгидан ташкил этилди.
Олий таълим муассасаларида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич масофавий таълим шаклида ҳам кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади.
Ҳозирги кунда ёшларимиз учун бир вақтнинг ўзида 5 тагача олий таълим муассасасида танловларда иштирок этиш имконияти яратилди.
Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилдаги 9 фоиздан 2020 йилда 25 фоизга етди. Мазкур кўрсаткични жорий йилда 28 фоизга, 2030 йилда 50 фоизга етказиш – асосий вазифамиздир.
Азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида дунёнинг энг илғор олийгоҳлари билан ҳамкорликда халқаро талаблар асосида ташкил этилаётган Янги Ўзбекистон университети ҳам сиз, азиз ёшларимизни жорий йилдан ўз бағрига чорлайди.
Азиз битирувчилар, қадрли фарзандларим!
Шу кунларда сизларнинг бахтингиз, камолингизни ўйлаб, юртимизда яна бир тизим жорий этилмоқда. Яъни, жойларда вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари, сектор раҳбарлари ота-оналар ва ўқувчилар билан учрашиб, барча битирувчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш ташаббуси билан чиқмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мактабни битириб чиқаётган йигит-қизларимиздан биронтаси эътибордан четда қолмайди. Уларнинг ҳар бири халқимиз, Ватанимизнинг чексиз меҳри ва юксак эътиборини ҳис қилиб яшайди.
Шу муносабат билан сизларга, бутун мамлакатимиз ёшларига мурожаат қилиб айтмоқчиман: ҳеч қачон унутманг, сизлар инсон ҳар томонлама эркин, озод ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон, янги Ренессанс бунёдкорисизлар.
Сизларнинг ҳаётда ўз муносиб ўрнингизни топишингиз учун давлатимиз ва жамиятимиз бундан буён ҳам бор куч ва имкониятларини тўла сафарбар этади.
Халқимизнинг ана шундай юксак ишончига доимо муносиб бўлинг!
Сизларнинг ўз олдингизга юқори мақсадлар қўйиб, вақтингизни беҳуда ўтказмай, доимо билим ва кўникмаларингизни ошириб боришингиз, янги касб-ҳунарларни эгаллашингиз ва энг асосийси ўз мақсадингиз сари тинмай ҳаракат қилишингиз албатта келгусидаги муваффақиятларингиз гаровидир.
Ўрганиш, изланиш ва интилишдан асло тўхтаманг!
Сизларни мактаб таълимини муваффақиятли тугатганингиз билан яна бир бор самимий табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, ишда ва ўқишда, шахсий ҳаётда катта ютуқ ва омадлар тилайман.
Мустақил ҳаёт сари ташлаётган илк дадил қадамингиз қутлуғ ва муборак бўлсин!
Сизларнинг ютуқ ва ғалабаларингизга ишонаман, азиз болаларим!
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь